13 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси (МСК) матбуот марказида ўтказилган анжуманда номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва амалдаги вазифасида доирасидаги фаолияти аралашиб кетаётгани ёки йўқлигига ҳам тўхталиб ўтилди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров мазкур масала МСК томонидан кузатиб борилаётганини маълум қилди.

«Керакли жойда МСК ўзининг фикрларини билдираяпти ва номзодларнинг штаблари билан иш олиб бораяпти. Ҳозирги кунда бизда қандайдир чегарани бузишда…тўғри баъзи ҳолатларда биласизлар бутун дунёда бор бу нарса — чегараси дейилади. Чегарани белгилаш қийин. Ҳамма жойда бор, ҳамма (чегарани белгилаш қийинлигини — таҳр.) тан олади. Лекин, бу борада номзодларнинг штаблари билан МСК иш олиб бораяпти», — деди у.

Таъкидланишича, ҳозирга қадар номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва амалдаги вазифаси аралашиб кетаётгани борасида шикоят ҳам келиб тушмаган.

«Демак бу ерда қанақадир қонунни бузилиши кузатилмаяпти ва яна бир томони МСКга сайлов жараёнларида манфаатдор шахслар ёки бошқа номзодлар томонидан бир-бирлари тўғрисида ҳали шикоят ёки мурожаат келиб тушгани йўқ», — деди МСК раиси ўринбосари.

Баҳром Қўчқоровнинг қўшимча қилишича, МСКга «бошқа манфаатдор томонлардан ҳам мана шу ҳолат бузилгани тўғрисида ариза берилмаган».

Аввалроқ, ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида президент матбуот котиби Шерзод Асадов MIR21YOYEV ёзуви туширилган футболкада бўлган акс этган суратлар эълон қилингани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров қонунчиликда нима кийиш белгиланмагани ва бу бўйича эътироз билдириш ноўрин эканлигин таъкидлаган. МСК доимий аъзоси Худоёр Маматов эса футболка «ташвиқот материали» саналмаслигини айтиб ўтганди.

Август бошида «Газета.uz» МСК тарғибот жараёнларини тўлиқ назорат қилиб бориши ҳақида хабар берган эди. «Албатта, номзодни сайловолди тарғиботи ва ўзининг фаолиятини адаштирмаслигимиз керак. Лекин назорат қилинади», — деган эди Баҳром Қўчқоров.