22 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда Амударё устидан ўтувчи кўприк қурилиши жараёнлари билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати эълон қилган суратларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва президент матбуот котиби Шерзод Асадов MIR21YOYEV ёзуви туширилган футболкада юрганини кўриш мумкин. Айни шу футболкада акс этган ёзув, аввалроқ, ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди кампанияси логотипи сифатида тақдим этилган эди.

Расмнинг орқа планида ўнгдан биринчи президент матбуот котиби Шерзод Асадов ва унинг ёнида Масс-медиа Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов. Фото: Президент матбуот хизмати.

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, сайловолди ташвиқотини олиб боришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

«Газета.uz» мухбирининг сўровига жавобан Марказий сайлов комиссияси (МСК) раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.

«Битта нарсани ҳам ҳисобга олиш керак, бошқа давлатни ҳам олсак, амалдаги президентнинг ёнида юрадиган командаси бўлади, маслаҳатчиси бўлади. Энди биз ҳали у даражада ким нима кийди, қанақа кийинди — кузатганимиз йўқ. Ташвиқот ҳисобланиши учун, биринчидан, у ташвиқот билан шуғулланадиган одам бўлиши керак. Яъни ўша давлат ҳокимияти [ходимига] мумкин эмас ташвиқот [қилиш]», — дея таъкидлади у.

Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, қонунчиликда нима кийиш белгиланмаган, «ҳозир унга бориб „нима кийяпсан“ деб эътироз билдиришимиз асоссиз ва ноўрин», деди у.

МСК доимий аъзоси Ҳудоёр Маматов ташвиқот оммавий чорлаш орқали амалга оширилишини айтиб, мазкур ҳолатдаги футболка «ташвиқот материали» саналмаслигини таъкидлади.

«Сиз эслатиб ўтган Сайлов кодексидаги 44-моддада қандай ҳаракат сайловолди ташвиқот бўлиши аниқ ёзилган. Демак, у ёки бу номзодни шу сайлов кампанияси давридан ғалаба қозониши учун ташвиқот қилиш, яъни „Овоз беринг“ деб оммавий чорлаш — бу ташвиқот саналади. У ёки бу ходимнинг ёки шахснинг қайсидир фамилияси туширилган футболка кийиб юргани — ташвиқот эмас. У ташвиқот материали эмас. Ташвиқотнинг тартиби бор. Назарий жиҳатдан талаблари бор. Оммавий тус олиши керак ва омма олдида чиқиш қилиб, оммани кимгадир овоз беришга чорлаш керак», — деди у.

Баҳром Қўчқоровнинг таъкидлашича, бундай ҳолатларга «дифференция асосида ёндашилиши керак».

«Бунда ҳар битта ҳолатда алоҳида баҳо бериш керак. Масалан, ҳозир бу ерда туриб „мана шуни тўғри ёки нотўғри“ дейиш умуман нотўғри бўлади. Ҳар битта ҳолат бўйича ҳаттоки судья ҳам ишни ўрганиб, кўриб чиқиб, кейин бирор фикр билдиради. Агар бу ерда ҳақиқатда қонун бузилиши ҳолатлари бўлган бўлса, бизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз бор, уларга мана шу тизимни назорат қилиб бориш сингари топшириқлар кетган», — деди у.

Бундан ташқари, МСК раисининг ўринбосари Шавкат Мирзиёевнинг номзод сифатидаги ташвиқот ишлари президентлик фаолияти билан аралашиб ёритилмаслиги кераклиги бўйича ҳам фикр билдирди.

«Тўғри, бу Сайлов кодексида белгиланган, бу нарсани ҳисобга олишимиз керак: давлат раҳбари сифатида ёритилиш бўляптими ёки номзод сифатидами <...> Амалдаги президент билан номзод деб чегарасини қўйиш ҳеч қайси давлатда аниқ белгилаб берилмаган ва Халқаро стандартларда ҳам берилмаган. Тавсиялар ишланган, уларни ўрганиб чиқдик. Ҳаракат қиляпмиз, мана шу жараёнда тегишли ташвиқот олиб борадиган номзод командасига тавсиялар бериб боряпмиз қандай қилишни. Лекин, албатта, саволларимиз ҳам кўп, ҳозирда олдимизда турган масала кўп, нафақат бизни, ҳаттоки дунё ҳамжамияти томонидан кўп муҳокама қилинадиган масала бу. Ўйлаймизки, сизларнинг ёрдамингиз билан биз мана шу жараённи тўғри, шаффоф ва албатта қонун доирасида қиламиз, уни таъминлашга МСК барча кучларини сафарбар қилади», — дея таъкидлади Баҳром Қўчқоров.

Олдинроқ Марказий сайлов комиссияси Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди тарғиботи ва амалдаги вазифаси аралашиб кетмаслиги назорат қилинишини таъкидлаган эди.

«Албатта, номзодни сайловолди тарғиботи ва ўзининг фаолиятини адаштирмаслигимиз керак. Лекин назорат қилинади, қонунда берилган вазифани ҳаммамиз бажариб беришимиз керак. Назорат қилинадиган қисмини назорат қилиб беришимиз керак. Лекин бошқа номзодларни ҳам ҳеч ким ўзининг фаолиятини амалга оширишдан чеклаб қўяётгани йўқ. Улар ҳам ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин», — деган эди Баҳром Қўчқоров.