Бухорода 5 нафар туман ҳокимига «ҳайфсан» берилди, 2 нафар ҳоким жаримага тортилди, яна бири қаттиқ огоҳлантирилди

Бухоро вилояти ҳокимининг фармойишига биноан, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга эътиборсиз бўлган 5 та туман ҳокимига «ҳайфсан» берилди. 2 та туман ҳокими эса иш ҳақининг 20 фоиз миқдорида жарима тўлайдиган бўлди. Бухоро шаҳри ҳокими қаттиқ огоҳлантирилди. Яна бир ҳокимга фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳолатини чуқур таҳлил қилиш топширилди.

14−20 октябрь кунлари сайловда муддатидан олдин овоз бериш мумкин бўлади

14−20 октябрь кунлари Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилади.

Тендерсиз амалга ошириш мумкин бўлган давлат харидлари рўйхати қисқариши кутилмоқда

Президент қарори лойиҳасига кўра, тўғридан-тўғри шартнома бўйича амалга ошириладиган давлат харидлари рўйхати қисқартирилиши кутилмоқда. Шунингдек, 2022−2025 йилларда давлат харидлари соҳасини ривожлантириш Стратегияси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Харид чекини рўйхатдан ўтказганларга харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади

2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида рўйхатдан ўтказганларга ўша харид суммасининг 1 фоизи бюджетдан қайтарилади. Кешбэк ҳар ой якунида жисмоний шахсларнинг банк карталарига ўтказилади. Чек бермаганлик ҳолати ҳақида хабар берганларга ундирилган жариманинг 20 фоизи мукофот тариқасида тўланади.

2024 йилгача айрим товарларни Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи бекор қилинди

Президент фармонига кўра, қатор товарлар учун 2024 йил 1 январгача божхона божи бекор қилинди. Улар орасига ўқув лаборатория ва махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, тақиқланмаган ўйин автоматлари, видеоўйинлар учун ускуналар ва боулинг учун автоматик ускуналар, стоматология ва косметология асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари ва бошқа товарлар кирган.

Чилонзорда янги қурилаётган уйда газ портлаши тафсилотлари маълум қилинди

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги янги қурилаётган уйда газ портлаши квартиранинг газ таъминоти тизимига рухсатсиз уланиши оқибатида юз берди, дея маълум қилди «Ҳудудгазтаъминот». Аниқлик киритилишича, бино ҳали фойдаланишга топширилмаган.

«Бундан кейин барча адибларимизнинг музейларига бўлган эътибор янада кучайтирилади» — Азиз Абдуҳакимов

Абдулла Қодирий хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбирда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов музейларга бўлган ёндошув тубдан ўзгараётганини таъкидлади. «Бундан кейин барча адибларимизнинг музейлари ва ҳатто уй-музейларга бўлган эътибор янада кучайтирилади», — деди у.

«Pandora Papers» ошкор қилган офшор операциялари ва Ўзбекистонга алоқадор маълумотлар

Таниқли сиёсатчилар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, машҳур бойларнинг офшор операциялари ҳақида эълон қилинган «Pandora Papers» ҳужжатларида Ўзбекистонга миллионлаб инвестиция киритган ирланд компаниялари ҳамда Гулнора Каримовага пора берганликда гумон қилинадиган Telia компанияси вакиллари ҳақида ҳам сўз боради. Шунингдек, суриштирув доирасидаги ҳужжатларда Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг оиласи, Украина президенти Владимир Зеленский, Иордания қироли, Буюк Британия собиқ бош вазири ва бошқа таниқли шахсларнинг офшор операциялари ҳақида маълумот келтирилган.

Самарқандда болалар боғчасида ёнғин содир бўлди

Самарқанд шаҳридаги боғчалардан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Июль-сентябрь ойларида 675 та қариндошлар ўртасида никоҳ қайд этилган

Июль-сентябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинган. Энг кўп бундай никоҳ қайд қилинган ҳудудлар Сурхондарё, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Президент АҚШ делегацияси билан Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашди

Душанба куни Шавкат Мирзиёев АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерманни қабул қилди. Учрашувда устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қаторида томонлар Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди. Қолаверса, Ўзбекистон етакчиси АҚШ томонига беғараз етказилган 5 млн дозадан ортиқ вакцина учун миннатдорчилик билдирди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Тошкентга етиб келди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Тошкентга етиб келди. Аэропортда уни президент Шавкат Мирзиёев шахсан кутиб олди. Эртага иккала давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Сирдарёда туман ҳокими 860 дан ортиқ дарахтни кесишга рухсат берди

Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова бир куннинг ўзида (4 октябрь) 866 туп дарахтни кесишга оид 12 та қарорни имзолади. Дарахтлар зараркунандалар ва иқлим таъсири оқибатида қуриб қолгани сабаб қилиб кўрсатилган.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Қўлланма: «Тонировка» учун онлайн рухсатнома олиш

1 октябрдан бошлаб автомобиль ойналарини қорайтириш учун рухсатномани фақат ЯИДХП орқали расмийлаштириш мумкин. Ўқувчиларнинг илтимосига кўра, «Газета.uz» «тонировка» сертификатини олиш бўйича қўлланмани тақдим этади.