Бухоро вилояти ҳокимининг фармойишига биноан, 5 та туман ҳокимига «ҳайфсан» берилди, 2 та туман ҳокими эса иш ҳақининг 20 фоиз миқдорида жарима тўлайдиган бўлди, яна бир ҳоким қаттиқ огоҳлантирилди. Бошқа бир туман ҳокимига фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳолатини чуқур таҳлил қилиш топширилди.

Фармойишда таъкидланишича, вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликларида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонуни талабларига риоя этилмаслик ҳолатларига йўл қўйилганлиги қайд этилган.

Жумладан маълумотномада:

  • масъул ходимларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларидан етарли даражада хабардор эмаслиги;
  • ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилинмаслиги ва нотўғри маълумотлар тақдим қилиш ҳолатларининг мавжудлиги;
  • фуқаролар ҳокимлар қабулига кира олмай, уларнинг қабулини ташкил қилиб беришни сўраб давлат раҳбарига мурожаат қилаётганлиги, бундай сўровларнинг ҳам аксарият ҳолларда эътиборсиз қолдирилаётганлиги;
  • мурожаатлар вилоят ҳокимлиги томонидан кўриб чиқиш учун устидан шикоят қилинган мансабдор шахсга юборилаётганлиги;
  • мурожаатлар билан ишлашга ва муаммоларни ҳал этишга бундай ёндашув аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги ҳолатлари ўз аксини топган.

Шунингдек, 17 сентябрь куни вилоят ҳокимининг Бухоро шаҳрида ўтказган сайёр қабулида туман ва шаҳарлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари томонидан фуқаролар мурожаатларига эътиборсизлик билан қараётганликлари яна бир бор ўз тасдиғини топганлиги айтилади.

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга эътиборсизлик билан қараганлиги учун Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов, Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров, Когон тумани ҳокими Муҳиддин Эсанов, Пешку тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров, Бухоро тумани ҳокими Хайрулло Жўраевларга «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилди.

Жондор тумани ҳокими Санъатилло Ҳикматов ва Шофиркон тумани ҳокими Шукрулла Ҳакимовга ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима солинди.

Бухоро шаҳри ҳокими Жамол Носиров қаттиқ огоҳлантирилди.

Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуровга туманда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳолатини чуқур таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш топширилди.