Президентнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда «Нигоҳ» Telegram-канали.

Ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида харид чекининг QR-код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади.

Бундан автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно.

Сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади.

Шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида хабар берган жисмоний шахсларга ҳам худди шундай мукофот тўланади.

Тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.