Абдулла Қодирий мемориал музейида унинг хотирасига бағишланган «Абдулла Қодирий — Ўзбек адабиёти хазинасидан» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда нуқт сўзлаган бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов мамлакатда маданий-маънавий меросни асраш ҳамда уни кейинги авлодга муносиб етказиб беришга катта эътибор қаратилаётгани, жумладан музейларга бўлган ёндошув тубдан ўзгараётганини қайд этди.

Вазирнинг қўшимча қилишича, шу кунларда Сергей Бородин уй-музейида ташкил этилган тадбир, бугун эса Абдулла Қодирий хотирасига бағишланган маросим ана шу амалий ишларнинг бир дебочаси ҳисобланади.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

«Ўз ўрнида шуни таъкидламоқчиманки, бундан кейин барча адибларимизнинг музейлари ва ҳатто уй-музейларига бўлган эътибор янада кучайтирилади. Мен Ўзбекистон ҳукумати вакили, бош вазир ўринбосари ҳамда туризм ва спорт вазири сифатида бебаҳо меросимизни асраш ва бу йўлда ҳаракат қилаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга доим тайёрман», — деди у.

У сўзи давомида жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси бўлган Абдулла Қодирий ўзбек адабиётининг жавоҳири ҳисобланган асарлар муаллифи эканлигини қайд этди. «Қодирийнинг „Ўтган кунлар“, „Меҳробдан чаён“ каби романларини ўқимаган инсон бўлмаса керак. Шу билан бирга, у „Муштум“ журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси бўлган. Унинг асарлари асосида фильмлар ишланган ва улар аллақачон томошабинлар қалбидан жой олиб улгурган», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Абдулла Қодирий ўлимидан кейин Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати (1991) ҳамда «Мустақиллик» ордени билан (1994) мукофотланган.

Тадбир давомида Ўзбекистон давлат драма театри актёрлари ижросида «Жинлар базми» спектаклидан парча, қолаверса, куй ва рақслар ижро этилди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.