Жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар бермоқда.

Шундан, 285 нафар келин-куёв бир-бирига нисбатан холавачча, 172 нафари тоғавачча, 114 нафари амакивачча ва 104 нафари аммавачча ҳисобланади.

Энг кўп қариндошлар ўртасида никоҳ қайд қилинган ҳудудлар Сурхондарё (268 та), Қашқадарё (179 та) ва Сирдарё (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Маълумот учун, Оила кодексининг 16-моддасига асосан насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, январь-август ойларида Ўзбекистонда жами 174 998 та никоҳ ҳолатлари қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 288 тага кўп.