«Ҳудудгазтаъминот» корхонаси матбуот хизмати 3 октябрь куни кечқурун Чилонзор туманида янги қурилаётган етти қаватли уйда содир бўлган газ портлаши юзасидан баёнот берди.

Эслатиб ўтамиз, ФВВ маълумотларига кўра, портлашда ҳеч ким жабрланмаган, бир нечта квартирага зарар етган. Тошкент ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур факт бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «Б» банди («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш») бўйича жиноят иши қўзғатилган. Текширув олиб борилмоқда.

«Ҳудудгазтаъминот»дан хабар қилинишича, уй қурилиши ҳали тугалланмаган ва янги бино фойдаланишга топширилмаган. Шу сабабли газ таъминоти ташкилоти газни улашга рухсат бермаган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, квартира эгаси хусусий тартибда уйни газлаштириш бўйича пайвандлаш ишларини олиб бориш ва газ таъминоти тизимига рухсатсиз улаш учун пайвандчини жалб қилган», — дейилади «Ҳудудгазтаъминот» хабарида.

Газ таъминоти корхонаси фуқароларни газ тармоқларига рухсатсиз уланмаслик, табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланиш қоидаларини бузмаслик ва яқинлашиб келаётган куз-қиш мавсумида газ ускуналарини профилактик текширувдан ўтказишга чақирди.

Қурилмаларда носозликлар ва газ сизиши аниқланганда, 104 авария-диспетчерлик хизматига ёки кеча-кундуз 1104 колл-марказига хабар бериш зарур.