Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намуналарига алмаштириш муддатини 2022 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддати уларнинг берилган санасига мувофиқ ҳолда:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари — 2022 йил 31 мартга қадар;
  • 2010 — 2012 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 июнга қадар;
  • 2013 — 2015 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 сентябрга қадар;
  • 2015 йилдан кейинги кейин берилганлари — 2022 йил 31 декабрга қадар этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, эски намунадаги автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб, миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари эса уларнинг берилган санасига мувофиқ ҳолда:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари — 2022 йил 1 апрелдан;
  • 2010 — 2012 йилларда берилганлари — 2022 йил 1 июлдан;
  • 2013 — 2015 йилларда берилганлари — 2022 йил 1 октябрдан;
  • 2015 йилдан кейинги кейин берилганлари — 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш муддати 2021 йилнинг 31 декабрь деб белгиланган. 2022 йил 1 январдан бошлаб, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Аввалроқ ДХА шу вақтга қадар 3,6 млн ҳайдовчи эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиргани, 2 млн дан ортиқ киши эса ҳали ҳам ўзгартирмаганини маълум қилган эди.

Шунингдек, Тошкентда «техпаспорт"ларни алмаштириш бўйича мурожаатлар сони ортиб кетгани уларни беришда муаммоларни келтириб чиқаргани хабар қилинди. Тошкент ИИББ ЙҲХБ бўлинмаларида автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисида гувоҳнома бериш ишлари қайта тиклангани ҳақида хабар берилган эди.