Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига ўзгартириш марказлардаги ҳайдовчиларнинг навбатлари тўғрисида баёнот берди.

Агентлик маълумотларига кўра, бугунги кунда 5 млн 793 минг нафар ҳайдовчиларнинг 3 млн 600 минг нафари ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирган. Шундан 2 млн дан ортиқ ҳайдовчининг гувоҳномаси алмаштирилмади.

Давлат хизматлари агентлиги ҳайдовчиларга ёрдам бериш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш учун нима қилингани ҳақида маълумот берди:

  • биринчидан, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Сергели туманлари Давлат хизматлари марказларига ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилди;
  • иккинчидан, фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун рўйхатдаги Давлат хизматлари марказларига дам олиш кунлари (шанба ва якшанба, байрам кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 15:00 гача ҳам мурожаат қилишлари учун шароит яратилди;
  • учинчидан, ДХМлар орқали «права» алмаштириш учун онлайн ариза юбориш имкони берилди;
  • тўртинчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ДХМларга ташриф буюрувчилар оқими катта бўлганлиги сабабли, Тошкент шаҳридаги ДХМларда эрта тонг соат 7:00дан бошлаб фақатгина ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Қолган хизматлар, одатдаги режимда соат 9:00дан бошлаб кўрсатилади.

Аввалроқ, Тошкент ИИББ ЙҲХБ бўлинмаларида автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисида гувоҳнома бериш ишлари қайта тиклангани ҳақида хабар берилган эди. Техпаспортларни алмаштириш бўйича мурожаатлар сонининг ортиб кетгани уларни беришда муаммоларни келтириб чиқаргани айтилган.

Ўзбекистонда 1 октябрдан пластик шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар жорий этилди. 2020 йил май ойида эски намунадаги ҳужжатларни янгиларига алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди.

Аввалроқ, «Газета.uz» эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш мумкинлиги ҳақида қўлланмани эълон қилган эди.