Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда Тошкент ИИББ ЙҲХБ бўлинмаларида автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун бланк ҳамда пластиклар етишмаётгани ва шу муносабат билан гувоҳнома бериш ишлари тўхтатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Пойтахт ИИББ маълумотларига кўра, ИИББ ЙҲХБ транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлинмаларида ҳақиқатдан ҳам транспорт воситаларининг тегишли ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ қийинчиликлар келиб чиққан.

Бошқарманинг эслатишича, ҳукуматнинг 2017 йил 2 мартдаги қарори билан эски нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳномалари 2022 йилнинг 1 январидан ўз кучларини йўқотади.

«Аммо кўпчилик ҳайдовчилар юқоридаги ҳужжатларни ўз вақтида янгиламадилар. Йил якуни яқинлашиб бориши сари «техпаспорт»ни алмаштириш бўйича мурожаатлар сони ошиб бормоқда», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда юқоридаги муаммолар бартараф этилган, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг туманлараро бўлимларида автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномаларини топшириш ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2017 йил 1 октябридан пластик шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар жорий этилади. 2020 йил май ойида эски намунадаги ҳужжатларни янгиларига алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.