Бугун Ўзбекистон ҳудуди Қозоғистон орқали Волга бўйи ҳудудларидан кириб келган антитциклон таъсири остида бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Барча ҳудудларда қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг шарқий ҳудудлари ва чекка шимолий ҳудудларида шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ўтган дам олиш кунларига нисбатан ҳарорат +8…+10 даражага пасаяди ва +23…+28 даража атрофида бўлади. Лекин бундай ҳолат сентябрь ойининг охирги кунлари учун бўлган меъёрий қийматларга яқиндир.

Сентябрь ойининг охиригача Ўзбекистонда кучсиз ва бироз шамоллар билан барқарор қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Текис ҳарорат фонида кечалари +10…+15 даража, кундуз кунлари +23…+28 даража атрофида бўлади.

Фақат Қорақалпоғистон бўйича 30 сентябрда Россиянинг Европа қисмининг марказий ҳудудлари устида шаклланган янги совуқ ҳаво кириб келади ва об-ҳаво ўзгаради, ёмғир ёғади ва кундуз кунги ҳарорат +13…+18 даражагача пасаяди.

Октябрь ойининг биринчи кунларида совуқ ҳаво кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийсида баъзи жойларда ёмғир ёғади, шамол кучаяди ва ҳарорат кечалари +7…+12 даражагача, кундуз кунлари +15…+20 даражагача пасаяди. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин.