Нигерияда қароқчилар 100 дан ортиқ ўқувчини ўғрилаб кетишди

1 сентябрь куни қуролли гуруҳ Нигерия шимоли-ғарбидаги Замфара штатидаги мактабга ҳужум уюштириб, 100 дан ортиқ ўқувчи ва бир нечта ўқитувчини ўғрилаб кетди. Бу ҳақда ТАСС маҳаллий ОАВга таяниб хабар бермоқда. Айтилишича, ҳужум дарс пайтида содир бўлган. Ўз навбатида, Замфара штати губернатори Белло Матавалле ҳудуддаги барча бошланғич ва ўрта мактабларни вақтинча ёпишга буюргани айтилмоқда. Шу билан бирга, 13 туманда соат 18:00 дан 06:00 гача ҳаракатланишга чекловлар жорий этилди.

Аввалроқ, май ойи охирида мамлакат ғарбида ўғирлаб кетилган исломий мактаб-интернатнинг ўнлаб ўқувчилари қўйиб юборилгани ҳақида ёзган эдик. Маълумотларга кўра, олти нафар ўқувчи асирликда ҳалок бўлган, яна 15 нафари июнь ойида қочишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, Нигерияда қароқчилар 80 нафар мактаб ўқувчиси эвазига 194 минг доллар талаб қилишгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.

30 май куни Нигериянинг Нигер штатида қуролли шахслар 200 га яқин мактаб ўқувчиларини ўғирлаб кетишган эди. Унда бир киши ҳалок бўлган.


AҚШда «Ида» довули туфайли камида саккиз киши ҳалок бўлди

AҚШнинг Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида содир бўлган тошқинлар оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди. Ҳар икки штатда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Нью-Йоркдаги сув тошқини туфайли барча метро линиялари тўхтатилди. Таъкидланишича, Бруклин ва Квинс шаҳарларида кучли сув тошқини кузатилмоқда. Об-ҳаво шароити сабабли «Жон Кеннеди» ва «Ньюарк Либерти» халқаро аэропортлари ҳамда Ла-Гуардия аэропортида юзлаб рейслар бекор қилинди.

Маълумотларга кўра, «Ида» довули Янги Aнглия ҳудуди бўйлаб шимолга қараб давом этиши кутилмоқда. — Интерфакс.

Аввалроқ, АҚШ жанубига «Ида» довули бостириб келгани, миллиондан ортиқ аҳоли электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабар берган эдик.


Берлинда пандемияларнинг олдини олиш маркази очилди

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) Берлинда пандемия ва эпидемиялар ахборот марказини очди. Идора янги юзага келиши мумкин бўлган пандемияларга яхшироқ тайёргарлик кўришга ёрдам беради, дея таъкидланмоқда хабарда. «Вируслар тез ҳаракат қилади, лекин маълумот бундан ҳам тезроқ ҳаракат қилиши мумкин», — деди ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус. Унинг қўшимча қилишича, COVID-19 пандемияси дунёга бир нечта «оғриқли сабоқлар» берган, шу жумладан «эпидемия ва пандемияга айланиши мумкин бўлган эпидемиялар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва тарқатиш учун кучли янги тизимлар ва воситаларга эҳтиёж борлигини кўрсатган».

Марказ янги глобал пандемия юз берганда керакли қарорлар қабул қилиш учун маълумотларни самарали тўплаши, таҳлил қилиши ва тарқатиши керак бўлади.

Германия марказга 100 млн долларлик дастлабки сармоя киритди. — Associated Press (AP).

Бундан аввал, Буюк Британия пандемияларга қарши курашиш бўйича халқаро гуруҳ тузилиши ҳақида эълон қилган эди.


Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар

Мамлакатдаги ўзгаришлар:

  • Tolo News’нинг ёзишича, «Толибон» етакчиси Хайбатулла Охундзода Aфғонистон олий раҳбари этиб тайинланади. Унинг раҳбарлигида президент ёки бош вазир Aфғонистонни бошқаради. «Янги ҳукумат бўйича маслаҳатлашувлар деярли тугади. Охунзоданинг мамлакат раҳбариятида бўлишига шубҳа йўқ. У ҳукумат раҳбари бўлади ва бу борада ҳатто саволлар бўлмаслиги керак», — дейди «Толибон» маданий комиссияси аъзоси Aнамулла Самангани.
  • ТАССнинг «Al Jazeera»га таяниб хабар беришича, Aфғонистондаги ички рейслар жума кунидан бошлаб қайта тикланади. Мамлакат фуқаро авиацияси бош бошқармаси бошлиғининг сўзларига кўра, халқаро парвозларни тиклаш учун кўпроқ вақт керак бўлади. Шу борада, «Толибон» Қатар ва Туркия билан музокаралар ўтказмоқда.
  • «Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг «La Repubblica»га берган интервьюсида «Aфғонистоннинг янги ҳукуматида аёл вазирлар бўлмайди» деб таъкидлади. Шу билан бирга, у «аёллар вазирликлар, полиция ёки, масалан, суд тизимида ёрдамчи сифатида ишлаши мумкин», деб айтди.
  • Aфғонистонда нархларни назорат қилиш қўмитаси тузилади. «Khaama Press» маълумотларига кўра, қўмита таркибига озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси аъзолари, савдо-инвестиция палатаси аъзолари ва саноат вазирлиги вакиллари киради. Таъкидланишича, «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг, банклар фаолияти деярли 13 кунга тўхтаган, бу эса мамлакатга импорт қилинадиган мева, ун, шакар, сариёғ, ёқилғи ва барча озиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг кескин ўсишига олиб келган.
  • Aфғонистон Марказий банки 4 сентябрь куни Сарои Шаҳзода — Кобулдаги энг йирик валюта бозори фаолиятининг тикланишини эълон қилди. Одамлар ва айирбошлаш билан шуғулланадиганлар ўз ишини одатдагидек давом эттириши мумкин, дейилада регулятор баёнотида.
  • Aфғонистон миллий қаршилик фронтининг хабар беришича, Панжшир водийси учун тўрт кун давом этган жангларда «Толибон»нинг 350 нафар жангчиси йўқ қилинди. Шунингдек, ҳаракатнинг 287 жангчиси яраланган ва 35 нафари ҳибсга олинган, дейилмоқда баёнотда. «Толибон» Aфғонистоннинг назорат қила олмайдиган ягона вилоятида, икки асосий йўналишдан — Баглан вилоятининг Aндараб водийси ва Парван вилоятининг Гулбаҳор шаҳридан ҳужум қилмоқда.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайснинг маълум қилишича, мамлакат Кобулдан 23 876 нафар афғонни ўз ҳудудига олиб келди. Унга кўра, 17 августдан 31 августгача AҚШга эвакуация қилинган 31107 кишидан 77 фоизи афғонлардир.
  • Грузия парламенти ташқи алоқалар қўмитаси раиси Николоз Самхарадзе 2,5 мингга яқин одам Кобулдан Тбилисига чартер рейслар билан олиб келинганини айтди. «50 тагача рейс амалга оширилди», — деди у. Шунингдек, Грузия расмийлари Кобулдан Тбилисига олиб келинган чет эл фуқароларининг аксарияти Европа мамлакатлари ва AҚШга юборилганини, бир неча ўнлаб одамлар вақтинча Тбилисида жойлаштирилганини маълум қилишди.

Шунингдек:

  • Польша президенти Aнжей Дуда пайшанба куни Беларусь билан чегарада фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Фармонга мувофиқ, чегарадаги 183 аҳоли пунктида оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, ушбу пунктларга у ерда яшамайдиган одамлар кира олмайди, бу журналистларга ҳам тааллуқли. Қоидаларни бузганлар жаримага тортилиши ёки ҳибсга олиниши мумкин.
  • Испания бош вазири Педро Санчеснинг таъкидлашича, мамлакат аҳолисининг 70 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланди.