Нигериянинг Нигер штатида қуролли шахслар 200 га яқин мактаб ўқувчиларини ўғирлаб кетишди, бир киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда РИА Новости Punch газетаси маълумотларига таяниб.

Газетанинг ёзишича, жангарилар якшанба куни туш пайтида Тегина шаҳридаги мактабга ҳужум қилган. Улар ўқ очишган, натижада икки киши жароҳат олган. Жабрланганлардан бири вафот этди, иккинчисининг аҳволи оғир.

Нигер штати маъмурияти ҳужумни тасдиқлади, аммо ўғирланганлар сони аниқланмаганлигини айтмоқда.

Бу Нигериядаги ўқувчиларнинг биринчи маротаба ўғирланиши эмас. Уларнинг озод қилиниши учун жангарилар кўпинча маълум тўловни талаб қилишади.

Апрель ойи охирида «Исломий давлат Ғарбий Африка провинцияси (ISWAP, собиқ «Боко Ҳарам») террористик гуруҳининг жангарилари Нигерияда 10 мингга яқин болалар ва ўспиринларни асирликда ушлаб турилаётгани ҳақида хабар берилган эди.