Республикачилар Кобулдаги AҚШ ҳарбийлари ўлими сабабли Байденнинг истеъфосини талаб қилишмоқда

АҚШ Республикачилар партияси вакиллари — қонунчилар Кобулдаги аэропортда содир бўлган теракт натижасида америкалик ҳарбийларнинг ўлими сабабли AҚШ президенти Жо Байден ва Пентагон раҳбариятини танқид қилиб, истеъфога қадар жавобгарликка тортишни талаб қилишди. Бу ҳақда Интерфакс хабар бермоқда.

«Нотўғри режалаштириш оқибатида ҳужумлар содир этилишига йўл қўйганлардан бошлаб, жавобгарликка тортиш вақти келди. Жо Байден, Камала Харрис, Энтони Блинкен, Ллойд Остин ва Марк Милли истеъфога чиқиши ёки импичмент қилиниши ва лавозимидан четлатилиши керак», деб айтилмоқда сенатор Марша Блэкберн баёнотида. Республикачи Элис Стефаник «Жо Байденнинг қўллари қонга беланган» деб Twitter’да ёзди. Унинг сўзларига кўра, Кобул аэропортидаги теракт ва у ердаги америкаликларнинг ўлими олий бош қўмондон бўлиб қола олмайдиган «Байденнинг қобилиятсиз ва заиф раҳбарлиги» натижасида мумкин бўлган.

Республикачи-сенатор Тодд Янг ўз баёнотида шундай ёзган: «Бу жасур ҳарбий хизматчилар америкаликлар ва бегуноҳ афғон иттифоқчиларини эвакуация қилиш учун қўлидан келганини қилдилар. Aфсуски, уларнинг қаҳрамонона ҳаракатларига президент Жо Байден ва унинг маъмурияти путуп етказди». Унинг қўшимча қилишича, «Aмерика халқи ўз қўмондони ҳукмларида бу хатоларга дош беролмайди ва дош беролмаслиги керак».

Бироқ баъзи республикачилар сиёсий дивидендларни қўлга киритиш эмас, балки айни дамда бирлашиш зарур деб ўйлашмоқда. «Баъзилар бу лаҳзани сиёсий очко олиш учун ишлатиши мумкин бўлса-да, ҳозир буни қилиш вақти эмас. Мен америкаликларни бирлашишга чақираман. Президент Байден ҳам ҳаракат қилиши, бизга керак бўлган бош қўмондон бўла олиши ва дунёга бундай ёвуз ҳужумларга тоқат қилмаслигимизни кўрсатиши керак», дейилади сенатор Кевин Крамер баёнотида.

Жо Байден 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган Кобулдаги портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган ИШИД раҳбарлари ва объектларига зарба беришни буюрди. «Биз кечирмаймиз. Биз унутмаймиз. Биз сизни қидириб топамиз ва жавоб беришга мажбур қиламиз», — деди у.


Эфиопияда сепаратистлар 210 нафар тинч аҳолини ўлдирди

Ўтган ҳафта Эфиопия ғарбида «Оромо озодлик армияси» сепаратистлар гуруҳи жангарилари томонидан тинч аҳоли объекталарига уюштирилган ҳужумлар натижасида камида 210 киши ҳалок бўлди. Маълумотларга кўра, қуролли сепаратистлар гуруҳи 18 август куни ғарбий Оромия штатидаги Жида Кирему тумани аҳолисига ҳужум қилиб, 150 кишини ўлдирган. Эртаси куни жангарилар бу ҳудудга янги ҳужум уюштирдилар, натижада яна 60 киши ҳалок бўлди. Таъкидланишича, жангарилар томонидан уюштирилган ҳужумлар «этник характерга» эга бўлган.

Таъкидланишича, Оромо озодлик фронтининг ҳарбий қаноти бўлган «Оромо озодлик армияси» кўпинча мустақил ишлайди. Улар Эфиопиянинг Оромия штати томонидан мустақилликка эришишни ўз мақсади деб маълум қилган. Федерал ҳукумат «Оромо озодлик армияси»ни террорчи ташкилот деб эълон қилди. — ТАСС (AFP).


Ироқ чет элга ноқонуний олиб чиқилган 200 млрд долларни қайтаришни режалаштирмоқда

Ироқ ҳукумати чет элга ноқонуний олиб чиқилган 200 млрд долларни, шу жумладан собиқ президент Саддам Ҳусайннинг мулкларини мамлакатга қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Aли Aлавий маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «бир вақтлар Ироқдан 150 дан 200 млрд долларгача контрабанда орқали олиб чиқилган, шундан атиги 5 фоизи собиқ режим пули».

«Биз уларни қайтариш учун бошқа давлатлар ва халқаро судлар билан ҳамкорлик қилишимиз керак, бу эса жуда қийин вазифа», деб айтди у. Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейин сўзга чиққан молия вазири, бу маблағлар мамлакатнинг молиявий аҳволини яхшилашда жиддий ёрдамчи бўлиши мумкинлигини, хусусан, бюджет тақчиллигини қоплаш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун ишлатилиши мумкинлигини аниқ кўрсатди. Ироқнинг 2021 йилги бюджети парламент томонидан 90 млрд долларга маъқулланди, бюджет тақчиллиги 20 млрд долларга баҳоланди. — ТАСС (SHAFAQ News).

Аввалроқ, чет элдан Ироққа 17 мингдан ортиқ артефакт қайтарилгани ҳақида ёзган эдик.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги хабарлар:

Мамлакатдаги вазият:

  • «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси вакили Муҳаммад Соҳаил Шоҳиннинг маълум қилишича, «қўлида тегишли ҳужжатлари бор афғон фуқаролари Кобул аэропортининг фуқаролик қисми очилгандан сўнг мамлакатдан эркин чиқиб кетишлари мумкин бўлади». Шу билан бирга, Шоҳин аэропорт қачон очилиши ҳақида маълумот бермади.
  • «Толибон» омма олдида мусиқа ижро этишни тақиқламоқчи, дея хабар бермоқда Meduza ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб. «Мусиқа Исломда тақиқланган. Лекин биз умид қиламизки, биз одамларни уларга босим ўтказишнинг ўрнига, бундай ишларни қилмасликка ишонтира оламиз», — деди Мужоҳид. Ҳаракат вакили, шунингдек, 90 йилларда каби, аёллар уйда қолишга мажбур қилинмаслигини ваъда берди. Мужоҳид, шунингдек, уйдан чиқаётганда аёлларга эркак-васий ҳамроҳ бўлиши кераклиги ҳақидаги даъволарни асоссиз деб атади. Унинг сўзларига кўра, бу талаб фақат уч кундан ортиқ бўлган саёҳатлар учун амал қилади. «Aгар улар мактабга, идорага, университетга ёки шифохонага борсалар, уларга маҳрам керак эмас», — ҳаракат котиби. Айтилишича, Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистон маданият вазири лавозимига даъво қилмоқда.
  • Сўнгги маълумотларга кўра, пайшанба куни Кобулда содир этилган портлашларда 170 киши, жумладан 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида «Толибон»нинг 28 нафар вакили бўлганлиги айтилмоқда. 1000 дан ортиқ одам жароҳатланган. «ИШИД» Афғонистон пойтахтида содир этилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
  • Панжшер вилоятидаги толибларга қаршилик кучларининг етакчиси Аҳмад Масъуд Россиянинг РБК нашрига интервью берди. У ўзи билан бирга қанча жангчилар борлиги, унинг тарафдорлари кимлар эканлиги, қўшни ва бошқа хориж давлатларидан ҳарбий кўмак олаётгани ёки йўқлиги ҳамда Ғани режими нима сабабдан бунчалик тез қулагани ҳақида фикр билдирди. Қолаверса, Россия ўз манфаатини кўзлаган ҳолда толибларга босим ўтказиши лозимлигини таъкидлади.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • АҚШ [НАТО] шериклари билан биргаликда 14 августдан буён Кобул аэропортидан 105 мингга яқин одамни ҳаво орқали олиб чиқишга муваффақ бўлди. Шунингдек, Италия ташқи ишлар вазири Луиджи Ди Майо Рим 4,9 минг афғонларни эвакуация қилганини айтди.
  • Германия Мудофаа вазирлиги Афғонистондан эвакуация жараёнларини якунлади. Ҳаммаси бўлиб, Германия қуролли кучлари Афғонистондан 5,3 мингдан ортиқ одамни, шу жумладан камида 45 мамлакат фуқароларини эвакуация қилиб, 37 та рейсни амалга оширди. Испания ҳам Aфғонистондан эвакуация операциясини якунлади. Испания жами 1,9 минг кишини олиб чиқишга муваффақ бўлди.
  • Норвегия бундан буён Кобул аэропорти орқали одамларни эвакуация қила олмаслигини маълум қилди. Мамлакат Кобулдан жаи ўндан ортиқ рейсларни амалга оширди, мингга яқин одамни олиб чиқди.
  • «Толибон» Туркияга Кобул аэропортининг фуқаролик бошқарувини ўз қўлига олишни таклиф қилди, хавфсизлик масаласини эса ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Туркия президенти Тоййип Эрдоған маълум қилди. «Толибон Кобул аэропортини бошқаришни таклиф қилди. Кимга таклиф қилди? Бизга. Улар хавфсизликни таъминлаймиз дейишди, лекин бизга ишни бошқаришни таклиф қилишди. Биз ҳали жавоб бермадик, қарор қабул қилмадик», — деди у. Туркия раҳбарининг таъкидлашича, бундай қарор ҳаво портининг хавфсизлигини таъминлаш масаласида ноаниқлик туфайли қабул қилинмаган.
  • Қозоғистон ҳукумати Европа Иттифоқи фуқароларини Aфғонистондан эвакуация қилиш учун республика аеропортларида транспорт самолётларига ёнилғи қуйиш имкониятини тақдим этди.
  • Юзлаб британияликлар Aфғонистондан эвакуация қилинган афғон қочқинларини қабул қилишни таклиф қилишди. Қочқинлар учун махсус «Rooms for Refugees» онлайн-майдончасида 998 киши август ойида эвакуация қилинган афғонларга ёрдам бериш учун уй-жой билан таъминлашга тайёр эканликларини билдирган. Яна 824 киши қочқинларга бошқа майдонча — «Refugees at Home» орқали хона таклиф қилмоқда.
  • Покистон чегарачилари «Торкҳам» назорат-ўтказиш пункти яқинида чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган уч нафар афғонни отиб ўлдиришди. Яна беш нафари яраланган. Айтилишича, чегарани жами 10 киши ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган. «Торкҳам» чегара пункти Покистон ва Aфғонистон ўртасидаги энг катта чегара пункти ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасидаги чегаралараро савдонинг асосий қисми айнан шу жой орқали амалга оширилади.

Шунингдек:

  • Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Қайнар қишлоғидаги муҳандислик ўқ-дорилари сақланадиган омборлардан бирининг ёнида ёнғин юзага келиб, портлашлар рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, 9 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, 88 киши жабрланган. Тахминан 1200 киши эвакуация қилинди.

Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев истеъфога чиқишни режалаштирмоқда, дея хабар бермоқда Интерфакс. «Мен ўзим учун қарор қабул қилдим, мен истеъфога кетаман, истеъфони сўрайман. Ва қарорни давлат раҳбари қабул қилади», — деди вазир. Унинг сўзларига кўра, у бундай қарорни Жамбил вилоятида содир бўлган воқеа тўғрисида «эшитган заҳоти» қабул қилган.

  • Май охирида Нигерия ғарбида ўғирлаб кетилган исломий мактаб-интернатнинг ўнлаб ўқувчилари қўйиб юборилди. «Ўқувчилар озодликда», — дейди мактаб директори Aлҳажи Aбубакар Aлҳасан. У айнан қанча одам қутқарилганини айтмади. Мактаб маъмуриятига кўра, олти нафар ўқувчи асирликда ҳалок бўлган, яна 15 нафари июнь ойида қочишга муваффақ бўлган. Аввалроқ, Нигерияда қароқчилар 80 нафар мактаб ўқувчиси эвазига 194 минг доллар талаб қилишгани ҳақида хабар берган эдик. 30 май куни Нигериянинг Нигер штатида қуролли шахслар 200 га яқин мактаб ўқувчиларини ўғирлаб кетишган эди. Унда бир киши ҳалок бўлган.
  • Дания COVID-19 туфайли жорий қилинган барча чекловларни 10 сентябрдан бошлаб бекор қилади. «Эпидемия назорат остида. Бизда эмлаш бўйича рекорд кўрсаткичга эришдик. Шу сабабли, 10 сентябрда биз COVID-19 қарши курашиш учун жорий этилган барча чекловларни олиб ташлай оламиз», — деди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Магнус Хеунике. Маълумотларга кўра, Дания аҳолисининг 70 фоизидан ортиғи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.
  • Беларусда Telegram’даги ўндан ортиқ каналлар ва чатлар экстремистик деб топилди. Аввалроқ хабар берганимиздек, бундай «мақом»даги каналлар сони 60 тани ташкил этган эди. Ўтган йил давомида мамлакатда 200 га яқин Telegram каналлари ва чатлари экстремистик деб топилган эди.