Буюк Британия пандемияларга қарши курашиш бўйича халқаро гуруҳ яратилишини эълон қилди

Буюк Британия янги пандемияларга самарали кураш олиб борадиган халқаро экспертлар гуруҳи ташкил этилганлигини эълон қилди. Хабарга кўра, G7 ҳомийлигида яратилган Пандемияга тайёргарлик бўйича шериклик (PPP) доирасида июнь ойида бўлиб ўтадиган G7 Етакчилар саммитида 100 кун ичида янги вирусларга қарши вакцинани яратиш мақсадига эришиш бўйича тавсиялар берилади. «Буюк Британия шерикларимиз билан коронавирусдан яхшироқ ҳимоя қилиш ва келажакдаги пандемияларга қарши глобал тайёргарликни кучайтириш бўйича иш олиб боради. Ушбу янги экспертлар гуруҳи кўп йиллар давомида дунёнинг барча бурчакларида пайдо бўладиган касалликлардан одамларни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларимизга ҳисса қўшади», — деди Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкок. PPP ишига Буюк Британия ҳукуматининг катта илмий маслаҳатчиси Патрика Валланс раҳбарлик қилади ва унга AstraZeneca, Pfizer ва Johnson & Johnson каби фармацевтика компаниялари раҳбарлари ёрдам беради. — Reuters.

Аввалроқ AҚШ президенти Жо Байден инсоният дуч келадиган навбатдаги пандемияга ҳозирданоқ тайёргарлик кўриш зарурлигини айтган эди. «Яна бир пандемия бўлади. Ва биз бунга тайёргарлик кўришимиз керак», — деди у. Байден бундай пандемиялар унинг маъмурияти аниқ ишлаши керак бўлган долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлаган эди.


Украинадаги махсус хизматлар шай ҳолатга келтирилди

Украинанинг барча ҳудудларидаги Хавфсизлик хизмати (СБУ) ходимлари юқори шай ҳолатга келтирилди ва аксарият вилоятларда терроризмга қарши машғулотлар ўтказилади. Бу ҳақда сешанба куни СБУ спикери Артем Дехтяренко маълум қилди. «Бугунги кунда СБУ зобитлари нафақат чегара ҳудудларида, балки бутун мамлакатда юқори даражадаги тайёргарлик ҳолатига келтирилган. Хизматнинг контрразведка ва тезкор-қидирув таркибий қисмлари кучайтирилди. Мамлакатнинг аксарият ҳудуларида СБУ кенг миқёсли терроризмга қарши машғулотларни ўтказади», — деди у. Спикернинг сўзларига кўра, «Россия Федерацияси билан қуролли қарама-қаршиликнинг кучайиши ва Россия томонидан тажовузкор риториканинг кучайиши» СБУни «етарли даражада қарши чоралар кўришга» ундамоқда. — Укринформ.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 20 апрель куни Россия яқинда Украина билан чегара ҳудудида 120 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларини жойлаштиришини айтди. «Россия қўшинлари шимолий-шарқда, шарқда ва жанубда бизнинг чегараларимизга яқинлашишда давом этмоқда. Тахминан бир ҳафта ичида уларнинг умумий сони 120 мингдан ошиши кутилмоқда», — деди Кулеба онлайн матбуот анжуманида. Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррель 19 прель куни Россия Украина ва Қрим билан чегара ҳудудида 150 мингдан ортиқ қўшин жойлаштирганини айтди. Кейинчалик ушбу маълумот 150 мингдан 100 мингга ўзгартирилди.


Қирғизистонда мактаб имтиҳонлари бекор қилинди

Қирғизистонда мактабларда давлат имтиҳонлари ўтказилмайди, баҳолар чорак баллари асосида қўйилади. Бу ҳақда Таълим ва фан вазирлиги Мактаб таълими бошқармаси 24.kg ахборот агентлигига маълум қилди. Таъкидланишича, бу қарор коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазиятда қабул қилинган. «Ўтган йили болалар касал бўлмаган, бу йил нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар ҳам касал бўлишмоқда. Имтиҳонлар 2 июнда бошланади, ўша пайтгача вазият қандай бўлишини билмаймиз. Биз уларнинг соғлиғи ҳақида қайғурамиз», — дейилади хабарда. Бошқарманинг таъкидлашича, баҳсли фикрлар бўлса, баллар оширилиб, мактаб ўқувчилари фойдасига қўйилади. Ўтган йили коронавирус вирусининг тарқалиши сабабли якуний давлат аттестацияси ҳам бекор қилинган эди. — 24.kg


Нидерландияда 28 апрелдан бошлаб комендантлик соати бекор қилинади

Нидерландия 28 апрелдан бошлаб коронавирус пандемияси фонида қўйилган бир қатор чекловларни юмшатади. Шунингдек, комендантлик соати бекор қилинади. «Комендантлик соати бекор қилинади, дўконлар ва бозорлар қайта очилиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, айвонлар очилиши мумкин, аммо улар фақат соат 12:00 дан 18:00 гача ишлаши мумкин», дея хабар бермоқда ТАСС маҳаллий ОАВга таяниб. Шу билан бирга, тажриба доирасида бутун мамлакат бўйлаб ўтказиладиган концертлар, спектакллар ва футбол ўйинлари каби синов-оммавий тадбирларга маълум чекловлар қўйилади. Реанимация бўлимларидаги беморлар сони 900 нафардан ошса, улар ҳам бекор қилинади. — ТАСС.


Флойд иши бўйича ҳукм эълон қилингандан кейин 250 га яқин миллий гвардия зобитлари Вашингтонни қўриқлайди

AҚШ миллий гвардияси тахминан 250 нафар аскарини Вашингтонни қўриқлашга юборади. Бунга 2020 йилда қора танли Жорж Флойдни ҳибсга олиш пайтида уни ўлдирган собиқ полиция ходими Дерек Шовинга нисбатан ҳукм эълон қилиниши билин боғлиқ норозиликлар таҳдиди сабаб бўлди. «Колумбия округи гвардияси эҳтимолий намойишларга жавобан 250га яқин ҳуқуқ-тартибот ходимларини жўнатмоқда», дейилади баёнотда. Aввалроқ, суд жараёни бўлиб ўтаётган Миннеаполис (Миннесота) маъмурияти Флойднинг ўлими бўйича суд ҳукми чиққунга қадар хавфсизлик чораларини кучайтирган эди. ОАВга кўра, шаҳарда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сони сезиларли даражада оширилган, 3 минг Миллий гвардия жангчилари жалб этилган ва суд биноси ёнида бетон конструкциялар ўрнатилган. — ТАСС.

Маълумот учун, 25 май куни Жорж Флойдни дўконда 20 долларлик сохта чекдан фойдаланишда гумон қилиниб, полиция томонидан қўлга олинаётганида вафот этган эди. Полиция ҳодими Дерек Шовин қасддан одам ўлдиришда айбланди. Флойднинг ўлими дастлаб АҚШнинг кўплаб шаҳарларида, кейинчалик бошқа мамлакатларда ирқчилик ва полиция шафқатсизлигига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.


«Ватанга хиёнат» ёзуви Чехия президентининг қароргоҳида тасвирланди

«Ватанга хиёнат» ёзуви Чехия президенти Милош Земаннинг расмий қароргоҳи бўлган Прага қалъасида тасвирланди. «Кечаси „ватанга хиёнат“ ёзуви Прага қалъасининг сарой мажмуасида номаълум шахслар томонидан тасвирланди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича тергов олиб борилмоқда», — деди полиция вакили Ян Рибанский. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни «Ватанга хиёнатни тўхтатиш» маҳаллий фуқаролик ташаббуси ўз зиммасига олиб, Земан Россия манфаатларини миллий манфаатлардан афзал кўрганликда айбланмоқда деган хабарларни ижтимоий тармоқларда тарқатган. У, хусусан, «Дуковани» АЭСни қуришда Росатомни жалб этиш ва Чехия аҳолиси учун Россиянинг «Спутник V» вакцинасини сотиб олиш истаги учун айбланмоқда.

Аввалроқ, Чехия Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юборган эди. Бунга, Чехия бош вазирининг сўзларига кўра, Россиянинг ГРУ 2014 йилда мамлакат шарқидаги Злин шаҳри яқинидаги Врбетиц қишлоғидаги ўқ-дорилар омборидаги портлашда иштирок этгани сабаб бўлди.

20 апрель куни, Чехия бош вазирининг биринчи ўринбосари ва ички ишлар вазири, шунингдек республиканинг муваққат ташқи ишлар вазири Ян Гамачек Праганинг Европа Иттифоқи ва НAТОдаги иттифоқчиларини бирдамлик белгиси сифатида россиялик дипломатларни чиқариб юборишга чақирди.