Нигерияда қароқчилар 80 нафар мактаб ўқувчиси эвазига 194 минг доллар талаб қилишди

8 июль куни Нигериянинг Кадуна штатида бир гуруҳ мактаб ўқувчиларини ўғирлаб кетган қароқчилар қолган 80 нафар ўқувчини қўйиб юбориш учун 80 млн наира (тахминан 194 минг доллар, ҳар бири учун 1 млн наирадан) миқдорида пул талаб қилишди. 25 июль куни 28 нафар мактаб ўқувчиси озод этилган эди. Гаров пули тўланганлиги номаълум. Айтилишича, дастлаб, қароқчилар бутун гуруҳни озод қилиш учун 60 млн наира (150 минг доллар) талаб қилишган.

30 май куни Нигериянинг Нигер штатида қуролли шахслар 200 га яқин мактаб ўқувчиларини ўғирлаб кетишган эди. Унда бир киши ҳалок бўлган.

ТАССнинг ёзишича, сўнгги ойларда Нигерияда университетлар ва мактабларга талабаларни тўлов эвазига қўлга олиш учун уюштирилган ҳужумлар тез-тез учраб турмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, жорий йилнинг бошидан буён мамлакатнинг турли ҳудудларида мингдан ортиқ талаба ва мактаб ўқувчилари ўғирланган. Маҳаллий ҳукумат март ойидан бери Нигерия шимолидаги 1,5 мингдан ортиқ мактабни ёпган, болалар эса тинчроқ жойлардаги бошқа таълим муассасаларига ўтказилди. Шу билан бирга, амалдаги университетлар ва мактабларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. — ТАСС.


Ливан Исроилга қарата учта ракета учирди

«Ливандан Исроил ҳудудига учта ракета учирилди. Улардан иккитаси Исроил ҳудудига қулади, биттаси чегара устидан ўта олмади. Бунга жавобан Исроил армияси артиллерия бўлинмалари Ливан ҳудудини ўққа тутди», дейилади хабарда. Таъкидланишича, Исроил томондан ракета ҳужумлари натижасида қурбонлар бўлмаган. Кейинроқ, Исроил мудофаа кучларининг яна бир бор Ливан чегарасидаги қўшимча нишонларга зарба бергани айтилмоқда.

Бундан аввал, 20 июль куни Ливандан Исроилга ракета ҳужуми уюштирилган эди. Ракеталардан бирини «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ушлаб олган, иккинчиси эса аҳоли яшамайдиган жойда портлаган.


Беларус ҳукумати 2025 йилгача Россия билан интеграцияни чуқурлаштиради

2021−2025 йиллар учун Беларус сиёсатининг асосий йўналиши Иттифоқ давлати доирасида Россия билан икки томонлама интеграцияни чуқурлаштириш бўлади. «Aсосий вектор — миллий манфаатларга мос равишда Иттифоқ давлати доирасида Россия Федерацияси билан икки томонлама интеграцияни чуқурлаштиришдир», — дейилади ҳужжатда. Дастурда Россия билан интеграциянинг асосий мезонлари бизнес учун тенг шароитларни таъминлаш, энергия истеъмоли, бозорларга чиқиш, давлат харидларида иштирок этиш ва молиявий воситалардан фойдаланиш деб белгиланган.

Беларус, шунингдек, ЕОИИда товар, хизмат, капитал ва ишчи кучининг тўсиқсиз ва чекловларсиз эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган тўлақонли иқтисодий иттифоқ тузишни режалаштирмоқда.


Чехияда иккита йўловчи поезди тўқнашди. Ўнлаб одамлар жароҳатланган


Фото: EPA

Чехия ғарбида Милавце қишлоғи яқинида иккита йўловчи поезди тўқнашди. CТК агентлигининг хабар беришича, икки киши ҳалок бўлди. 40 га яқин йуловчи жароҳатланган, улардан етти нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Яна 31 киши енгил тан жароҳати олган.

Zаpadni expres (Мюнхен ва Прага ўртасида) ва оддий йўловчи поездининг тўқнашуви 4 август куни эрталаб соат 8 ларда Домажлице ва Ближеёво ҳудудида содир бўлган. Транспорт вазири Карел Гавличекнинг дастлабки маълумотларига кўра, тезюрар поезд семафорнинг тақиқловчи сигналини ўтказиб юборган.


Нью-Йоркда эмланиш тўғрисидаги сертификатлар талаб қилинади

Нью-Йоркда август ойидан бошлаб фақат COVID-19'га қарши эмланганларга умумий овқатланиш жойлари, спорт заллари ва концертларга киришга рухсат берилади. Бу ҳақда шаҳар мэри Билл де Блазио маълум қилди. Талаб 16 августда жорий этилади, лекин бундай муассасаларда текширувлар 13 сентябрда бошланади ва қоидабузарлар жаримага тортилади.

AРнинг таъкидлашича, Нью-Йорк бундай чекловларни жорий қилишга қарор қилган биринчи йирик шаҳар бўлди. Расмий маълумотларга кўра, шаҳар аҳолисининг (18 ёшдан катта бўлган) қарийб 66 фоизи эмланган. — АР.


Шунингдек:

  • Cентябрдан бошлаб Германия кекса ёшдагилар ва хавф ости гуруҳида бўлганларга коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи дозасини таклиф қила бошлайди. Бундан олдин қайси вакцина билан эмланилганидан қатъи назар, Pfizer/BioNTech ёки Moderna вакциналари қўлланилади.
  • Украина МДҲнинг космик бўйича битимдаги иштирокини тўхтатишга қарор қилди. Космосни биргаликда ўрганиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги битим Минскда 1991 йил 30 декабрда имзоланган бўлиб, 2019 йил май ойида бекор қилинган.
  • Қирғизистон собиқ президенти Aсқар Aкаев Россиядан ватанига қайтиш нияти борлигини маълум қилди. «Бу менинг ватаним, ота-боболаримнинг ватани. Мен, албатта, кўчиб ўтишни хоҳлардим», — деди Aкаев. Aскар Aкаев Қирғизистонни 1991 йилдан 2005 йилгача бошқарган, давлат тўнтариши натижасида лавозимидан четлатилган. Шундан сўнг у Москвага жўнаб кетди ва ҳамон ўша ерда яшаб келмоқда.
  • ЖССТ сентябрь ойининг охиригача ревакцинацияга мораторий жорий этишни таклиф қилмоқда. Бу йил охиригача бутун дунё бўйлаб етарли миқдордаги одамларга дастлабки вакцинани етказиб бериш учун қилинмоқда.
  • 3 август куни Хитойда 96 та коронавирус инфекцияси билан касалланиш янги ҳолати аниқланди. 2 август куни ушбу кўрсаткич 61 нафарни ташкил этган. Юқтириш ҳолатлари Цзянсу, Хунань, Хубэй, Шаньдун, Юньнань, Хэнань ва Фуцзянь провинцияларида қайд этилган. Мутахассислар кўрсаткичнинг ўсиши «Дельта» штаммининг тарқалиши билан изоҳламоқдалар.
  • AҚШ 60 дан ортиқ мамлакатларга 110 млндан ортиқ COVID-19'га қарши вакциналарини хайрия сифатида жўнатди.