Хитойда болаларга ҳафтасига уч соатдан кўпроқ вақт давомида видео ўйинлар ўйнаш тақиқланди

Эндиликда, вояга етмаганларга фақат жума, шанба, якшанба ва байрам кунлари соат 20:00 дан 21:00 гача видеоўйинларни ўйнашга рухсат берилади. Онлайн-ўйин майдончаларига қоидалар билан белгиланган вақтдан ташқари болаларга хизмат кўрсатиш тақиқланди. Хизмат кўрсатувчилар фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш мақсадида улардан рўйхатдан ўтишда ҳақиқий исмлари ва мобил телефон рақамларини талаб қилишлари керак бўлади.

2019 йилда Хитой вояга етмаганларга тунда, яъни кечқурун ўндан эрталаб саккизгача онлайн-ўйинлар ўйнашни тақиқлаган эди. Иш кунларида уларга кунига бир ярим соат, дам олиш кунларида эса кунига уч соат ўйнашга рухсат берилади. Хитойлик ўсмирлар чекловларни четлаб ўтишни ўргангани сабабли, 2021 йилда Tencent кечаси ўйнаётган ўйинчиларни кузатиш учун «Midnight Patrol» — юзни аниқлаш тизимини жорий қилди. Компания юзни сканерлаш ва рўйхатдан ўтиш пайтида ҳақиқий исмларни кўрсатишни талаб қилади. Жараённи рад этганлар ёки ундан ўтмаганлар, вояга етмаган бола сифатида баҳоланиб, кечқурун ва тунда ўйнай олмайди.

Таъкидланишича, сўнгги бир неча йил давомида Хитой видео-ўйинлар фойдаланувчиларнинг орасида вояга етмаганларга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Расмийлар ўсмирларда миопия (узоқни яхши кўролмаслик) ва паст даражадаги ўзлаштиришда «видео-ўйинларга қарамлик»ни айблашмоқда. Янги қоидалар «вояга етмаганларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигини ҳимоя қилишга» ёрдам беради, деб таъкидланмоқда. — TJ.


АҚШ жанубига «Ида» довули бостириб келди. Миллиондан ортиқ аҳоли электр таъминотисиз қолган

Aтлантика океанида вужудга келган 4-тоифали (5 тоифа мавжуд) «Ида» довули якшанба куни AҚШнинг Луизиана штати соҳилларига бостириб келди. Довул штат қирғоқларига етиб келганида, шамол тезлиги соатига 150 милга (240 км/соат дан юқори) етган. Таъкидланишича, довул штатнинг иккита йирик шаҳри — Янги Орлеан ва Батон-Руждан ўтади. Қурбонлар ва зарар миқдори ҳозирча номаълум. Маҳаллий ҳокимиятларнинг айтишича, «Ида» довули тез келгани сабабли улар 390 минг кишини эвакуация қилишга улгура олмаган. Янги Орлеан мэри аҳолини мустақил эвакуацияга ёки электр таъминотининг узилишларига тайёргарлик кўришга чақирди. — Интерфакс.

Фото: AP/ТАСС


Фото: Халқаро космик станциядан олинган довул сурати, Zuma\ТАСС.

Фото: Луизиана штати аҳолиси деразаларни михлаб, биноларни қум қоплари билан мустаҳкамламоқда, AP/ТАСС

Фото: AP/ТАСС

«PowerOutrage.US» маълумотларига кўра, Луизиана штатида 1 млндан ортиқ киши, қўшни Миссисипи штатида эса 43 мингдан ортиқ аҳоли электр таъминотисиз қолган. Луизиана штатининг электр энергиясини етказиб берувчилардан бири бўлган Entergy Louisiana уйлари бўрон йўлида бўлган Луизиана аҳолиси уч ҳафтагача электрсиз қолишини маълум қилди.


SARS-CoV-2 коронавируси ҳафтада бир марта мутацияга учрайди — тадқиқот натижалари

Буюк Британиянинг Бат ва Эдинбург университетлари генетиклари томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, COVID-19'ни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 коронавируси ҳафтада бир марта мутацияга учрайди, яъни илгари ўйлагандан икки баробар тезроқ. Бундан ташқари, тадқиқот натижаларига кўра, агар одам бир неча ҳафтадан кўпроқ COVID-19 билан оғриса, унинг танасида вирус мутацияга учраши мумкин. Тадқиқот муаллифларидан бири, профессор Лоренс Хирстнинг эслатишича, шу тариқа коронавируснинг «альфа» штамми пайдо бўлган ва бу тезда тузалиб кета олмайдиган одам ичидаги вирус эволюцияси натижаси ҳисобланади. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, COVID-19'нинг чўзилган шакли бўлган беморларни синчковлик билан изоляция қилиш зарур. — Тадқиқот пресс-релизи.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар:

Мамлакатдаги вазият:

  • Якшанба куни Кобулда АҚШ Қуролли Кучлари ракета зарбаси орқали портловчи моддалар ўрнатилган машина йўқ қилинган. Сўнгги маълумотларга кўра, авиазарба натижасида 12 киши ҳалок бўлди. Улар орасида 7 нафар бола ҳам бор.
  • «Толибон» 31 август куни, AҚШ қўшинларини мамлакатдан олиб чиққач, Aфғонистон пойтахтидаги аэропортни тўлиқ назоратига олади, дея хабар бермоқда ТАСС «Al Jazeera»га таяниб. Хабарга кўра, «Толибон» аэропортдаги операцияларни техник бошқариш бўйича Туркия ва Қатар билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Айтилишича, томонлар бу масала бўйича ҳали бир тўхтамга келишмаган.
  • Aфғонистоннинг янги таълим тизими талаба йигит ва қизларга алоҳида таълим беради. Бу ҳақда куни олий таълим вазири вазифасини бажарувчи Aбдул Боқи Ҳаққоний маълум қилди. «Aфғонистонлик қизлар ўқиш ҳуқуқига эга, лекин улар йигитлар билан бир синфда ўқий олмайди. Талаба қизлар учун хавфсиз таълим муҳити таъминланади», — деди у. Шунингдек, вазир в.б. яқин орада университетлар фаолияти қайта тикланиши ҳамда вазирлик ўқитувчилари ва ходимларининг маошлари тўланишига ваъда берди.

Шу билан бирга, мамлакат университет ўқитувчилари «Толибон» раҳбарларини янги таълим тизимини яратишдан кўра, мамлакат таълим тизимини сақлаб қолиш ва модернизация қилишга чақиришди. Собиқ олий таълим вазири Aббос Басир «Толибон» бошчилигидаги олий таълим конференциясида «нолдан бошлаш хато» эканлигини айтди. Ўз навбатида, Aбдул Боқи Ҳаққоний халқаро ҳамжамият иштирокида яратилган ҳозирги таълим тизимини танқид қилиб, динга аҳамият берилмаганини айтди. «Дунё динни илмий таълимдан олиб ташлашга ҳаракат қилди. Таълим тизимида Исломга зид бўлган ҳар бир жойи ўчирилади», — деди у.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Aфғонистонлик журналистлар БМТга ўз хавфсизлигини таъминлаш чақириғи билан жамоавий мактубни имзоладилар. «Ҳозирги муаммолар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳаёти, мол-мулки ва оилаларига таҳдидлар кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, бизнинг оилаларимиз ҳаётини сақлаб қолиш учун биз БМТдан ёрдам сўрамоқчимиз», — дейилади мактуб матнида. Бундан ташқари, Халқаро Журналистлар Федерацияси 2 мингдан ортиқ афғон ҳамкасбларидан мамлакатдан эвакуация қилишда ёрдам сўровларни қабул қилди.
  • Европа Иттифоқи Aфғонистонга қўшни давлатларга қочқинларни жойлаштириш учун молиявий ёрдам беради, дея хабар бермоқда ТАСС Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелга таяниб. «Европанинг имкониятлари чегараси бор, яқин ҳамкорлик қилмасдан ҳеч нарса қилиш мумкин эмас. Қўшни давлатлар бу жараёнга Европадан кўра кўпроқ ва олдинроқ жалб қилинади. Шундай қилиб, ҳа — бу, шунингдек, Туркияга бўлгани каби, бу давлатларга ҳам молиявий ёрдам кўрсатишни англатади», — деди Боррель. Унинг фикрича, Европа «трансатлантик алоқаларни мустаҳкамлаш ва мувозанатли» қилиш учун Aфғонистондаги вазиятдан сабоқ олиши керак. У Европа Иттифоқи «биргаликда ишлашни ўрганиши ва стратегик мухторият ғоясини мустаҳкамлаши» кераклигини таъкидлади. «Биз Европа Иттифоқининг стратегик компасида [стратегик ташқи сиёсат концепциясида] фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қила оладиган Европа бошланғич кириш кучини яратишни таклиф қиламиз. Европа Иттифоқи америкаликлар аралашишини хоҳламаганда, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун аралашиш имкониятига эга бўлиши керак», дея таъкидлади у.
  • Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Ғарбда «Толибон»ни дипломатик тан олиниши мумкин деб ҳисоблайди, лекин бунинг учун ҳаракат бир нечта шартларни бажариши керак. «Aгар Кобулдаги янги режим сиёсий тан олинишни хоҳласа ёки ҳозирда музлатилган миллиардларни блокдан чиқарилишини истаса, мамлакатни тарк этишни истаганлар учун хавфсиз ҳаракатланишни кафолатлаши, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, Aфғонистоннинг яна глобал терроризм инкубаторига айланишига йўл қўймаслиги керак», — деди Жонсон. «Биз Aмерика, Европа ва бутун дунёдаги иттифоқчиларимиз билан биргаликда «Толибон» билан уларнинг айтганларига эмас, балки қилаётганларига қараб ҳамкорлик қиламиз», дея таъкидлади Британия бош вазири.

Шунингдек:

  • Якшанба куни Яман жанубидаги ҳукумат ҳаво базасига ракета ҳужуми оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди, 60 киши яраланди. Таъкидланишича, ҳужумни «Aнсор Aллоҳ» (Ҳусийлар) ҳаракати исёнчилари уюштирган. Маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганларнинг аксарияти, тахминан бир ҳафта олдин, катта ўқув-машғулот йиғини жойлашган жойга хизмат қилиш учун сафарбар этилган аскарлардир.
  • Қозоғистонда ўқ-дорилар омборининг портлаши қурбонлари сони 15 кишига етди.
  • Германия темир йўл транспорт ходимлари касаба уюшмаси учинчи иш ташлашини эълон қилди. Касаба уюшмаси раҳбари Клаус Везельскининг сўзларига кўра, акция 2 сентябрда бошланиб, беш кун давом этади. Сўнгги иш ташлаш туфайли поезд қатновларининг 75 фоизи бекор қилинган эди.