Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) Токиодаги XVI ёзги Паралимпия ўйинлари очилиш маросимида Ўзбекистон термаси байроқдорлари номини эълон қилди. Байроқни пара-енгил атлетикачилар Муҳаммад Рехсимов ва Нурхон Қурбонова кўтарадиган бўлди.

«Газета.uz» аввалроқ мусобақалар 24 августдан 5 сентябргача бўлиб ўтиши, уларда 22 та спорт тури бўйича 540 та медаллар жамланмаси ўйналиши ҳақида ёзган эди. Ўзбекистон миллий термасининг 48 нафар аъзоси 8 та спорт тури бўйича 55 та лицензияни қўлга киритган.

Делегация Япония пойтахтига 20 август куни учиб кетди. Пара-спортчиларни бош вазир Абдулла Арипов, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов кузатиб қўйди.