Кеча, 8 июль куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига Кавказдан антисиклон таъсири остида салқин ҳаво оқимлари кириб келди. Натижада ҳаво ҳароратининг бироз пасайганлиги кузатилди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Маълум қилинишича, бугун бу жараён республиканинг марказий ҳудудларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Кўпчилик вилоятларда қуруқ ва кам булутли об-ҳаво кузатилади. Фақат Устюртда куннинг иккинчи ярмида, Тошкент вилоятида кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати +35…+40 даража, баъзи жойларда +42 даражагача, Сурхондарё вилоятида +44…+46 даража, шимолда +28…+33 даражани ташкил этади.

Ўзбекистондан салқин ҳаво фронтлари ўтиши оқибатида баъзи жойларда шамолнинг тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Бугун ва эртага чангли бўрон билан бирга 25−30 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Дам олиш кунларида нисбатан салқин ҳаво оқимлари республиканинг барча ҳудудларини бутунлай қамраб олади. Ҳаво ҳарорати кечалари +20…+25 даража, кундуз кунлари +32…+37 даража, жанубда баъзи жойларда +39 даражагача атрофида бўлиши кутилмоқда.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.