2020 йилда Ўзбекистон CAF (Charities Aid Foundation) хайрия ёрдам жамғармаси тақдим этган хайрия индексига кўра (World Giving Index) жаҳон рейтингида 114 мамлакат орасида 2018 йилдаги 53 ўриндан 29-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Прогозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мамлакат рейтинги учта йўналишдаги ўртача қиймат кўрсаткичларига боғлиқ:

  • хайрия ташкилотларига тушган маблағлар;
  • аҳолининг муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш;
  • кўнгилли сифатида кўмак бериш.

Ўзбекистон 2020 йилда хайрия ташкилотларига ажратилган маблағлар бўйича 18-ўринни (46%), муҳтожларга тўғридан-тўғри саховат ёрдами кўрсатган одамлар сони бўйича 58-ўринни (57% фуқаро), кўнгилли сифатида кўмак бериш бўйича 62-ўринни (16%) эгаллади.

Индонезия 2020 йилги жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Кения иккинчи, Нигерия учинчи ўринда қайд этилди. Мутахассислар ушбу мамлакатларда хайрия ёрдамининг кўпайишини камбағал аҳоли қатламларининг аҳволи ёмонлашаётгани, шунингдек, фуқаролик жамияти ва кўнгиллилар ҳаракати фаоллашгани билан изоҳлашмоқда.

Пандемия даврида одатда ҳар доим биринчи ўнталикка кирган мамлакатлар (АҚШ, Буюк Британия, Ирландия, Канада, Нидерландия) ўрнига, илгари ҳеч қачон юқори позицияни эгалламаган мамлакатлар биринчи ўнталикдан ўрин эгаллади.

Қуйи ўринларни шунингдек Франция (106-ўрин), Қозоғистон (98-ўрин), Туркия (78-ўрин), Германия (85-ўрин) ва Россия (67-ўрин) эгаллади.

«Хусусий хайрия ёрдами кўрсатиш ва кўнгиллилик фаолияти ҳар бир халқнинг маданияти, хайр-саховат билан боғлиқ қадриятлари, дини, тарихи ва халқнинг урф-одатларидан келиб чиқади. Фуқароларнинг хайрия ишларида иштирок этиш даражаси фуқаролик жамияти ривожланганлигидан ва одамлар ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшишга қанчалик тайёр эканликларидан далолат беради», — дейилади хабарда.

Тадқиқот натижаларига кўра «бахтли» мамлакатлар фуқаролари «бой» давлатларникидан кўра кўпроқ хайрия қилишади. Аҳолининг ўз ҳаётидан қониқиш даражаси ва хайр-эҳсон қилишга мойиллиги ўртасидаги боғлиқлик мамлакатнинг моддий фаровонлиги (ЯИМ) ўртасидаги ўзаро боғлиқликдан статистик жиҳатдан устунлиги аниқланди.

Тадқиқотларда ишонарли демографик тенденция аниқланди. Унга кўра, умуман олганда, одам ёши каттароқ бўлса, у кўпроқ ўз маблағларини хайрия учун сарфлашга мойил бўлади (лекин баъзи ривожланаётган мамлакатларда тескари тенденция ҳукм сурмоқда).

World Giving Index (жаҳон хайрия индекси). Чаритиз Эйд Фаундейшннинг ушбу тадқиқоти хайрия ёрдам жамғармаси (CAF) томонидан 2009 йилдан буён 15 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида тасодифий танлов асосидаги сўровнома тарзида ўтказиб келинмоқда (камида 1000 та сўровнома). Баъзи йирик мамлакатларда, масалан, Хитой ва Россияда сўровнома қамрови 2000 кишини ташкил этади.

Сўровномаларда мамлакатнинг моддий фаровонлик даражаси, ҳаёт сифатидан қониқиши ва фуқароларнинг хайрия ёрдамига мойиллиги ўртасидаги боғлиқликлар ҳисобга олинган; шунинг учун хайрия фаолияти модели ҳар бир мамлакатнинг ўзига хосдир. Масалан, айрим мамлакатларда одамлар хайрия ташкилотларига оз маблағ ажратишади, аммо улар доимий равишда муҳтожларга бевосита ёрдам кўрсатишади.