Самарқанд вилояти Иштихон шаҳрига кириб боришда 3 нафар фуқаро томонидан 6 туп заранг ва 2 туп шумтол дарахтлари кесилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, 7 июль куни йўл ёқасидаги заранг ва шумтол дарахтлари «Ғафур Ғулом» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.У, «Равот» маҳалласида яшовчи фуқаролар М.Д. ва И.К.лар томонидан ўзбошимчалик билан моторли арра орқали кесиб ташланган.

3 нафар фуқаронинг ҳар бирига нисбатан МЖтКнинг 79-моддасига (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) асосан 1 млн 225 минг сўмдан жарима ҳамда 63 млн 700 млн сўм табиатга етказилган зарарни қоплаш учун компенсация ҳисобланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қўшимча тарзда суриштирув ва ўрганиш ишлари давом этирилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 109 туп қимматбаҳо дарахтларни рухсатномасиз кесиб ташлангангани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2 млн 245 минг сўм миқдорида жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига 329 млн 157 минг 500 сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида президент фармони билан дарахтларни кесишга жорий этилган мораторий муддати 2021 йил якунигача узайтирилган эди.Ҳужжат билан ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш мажбурияти киритилган. Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланмоқда.