Тожикистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) Афғонистон билан чегарада хавфсизликни кучайтиришга ёрдам беришни илтимос қилди. 7 июль куни ташкилотнинг доимий кенгаши йиғилишида Тожикистоннинг КХШТдаги доимий ва мухтор вакили Хасан Султонов тегишли баёнот билан чиқди.

«Тожикистон, Афғонистон билан энг катта масофадаги чегарага эга мамлакат сифатида, вазиятни жиловлаш ва ушбу мамлакатдан келиб чиқадиган таҳдид ва муаммоларга қарши курашиш учун зарур чораларни кўрмоқда. Аммо, минтақадаги мавжуд вазиятни, шунингдек, Афғонистон билан чегаранинг айрим участкалари узоқ тоғли ҳудудларда жойлашганлигини ҳисобга олсак, бу вазифани уддалаш қийиндек туюлади», — деди у.

«Ушбу ҳолатлар биздан КХШТ доирасида адекват жавоб қайтаришни, шу жумладан жанубий чегараларни ҳимоя қилиш имкониятларини кучайтириш бўйича чораларни кўришни талаб қилади», — дея қўшимча қилди Ҳасан Султонов. — Шу нуқтаи назардан, Коллектив хавфсизлик кенгашининг (ХКМ) 2013 йил 23 сентябрдаги «Тожикистон Республикасига тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлашда ёрдам кўрсатиш тўғрисида» ги қарорининг бажарилишини таъминлаш зарурияти долзарб бўлиб қолмоқда. Шунинг учун биз ташкилотга аъзо давлатларни ушбу ҳужжатнинг тўлиқ амалга оширилишига ҳисса қўшишга чақирмоқчимиз".

Тожикистоннинг КХШТдаги доимий вакили, шунингдек, сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистон ҳукумат кучларининг 1500 га яқин ҳарбий хизматчилари Тожикистон ҳудудига ўтганлиги ҳақида тўхталиб ўтди. «Тожикистон Республикаси мудофаа вазирига Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарани янада мустаҳкамлаш учун 20 минг захирадаги ҳарбий хизматчиларни сафарбар этиш топширилди», — деди Хасан Султонов.

Аввалроқ, КХШТ Афғонистон билан чегарадаги вазияти туфайли ўз мурожаатида Тожикистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилганди.«Тожикистон КХШТга мурожаат қилган тақдирда, коллектив хавфсизлик шартномаси ва КХШТ низомида назарда тутилган барча зарур ёрдам кўрсатилади: бу сиёсий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ёрдам бўлиши мумкин», — деган эди ташкилотнинг матбуот котиби Владимир Зайнетдинов (РИА Новости томонидан иқтибос келтирилган).

Афғонистонда ҳукумат кучлари ва Толибон тўқнашуви давом этмоқда. Вазият АҚШ сентябр ойигача НАТО қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин кескинлашди. Bloomberg аввал «Толибон» Афғонистондаги 400 та туманининг ярмини назорат қилаётгани ҳақида ёзган эди.