АҚШ 1 майдан бошлаб Афғонистондан ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлайди ва бу жараённи 11 сентябрь — Халқаро савдо маркази ва Пентагон биноларига уюштирилган терактларнинг 20 йиллигига қадар якунлаш режалаштирилган. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден чоршанба куни Оқ уйдаги нутқида айтиб ўтди.

«Биз 2001 йилда Афғонистонга Ал-Қоидани йўқ қилиш ва Афғонистонда АҚШга қарши режалаштирилган террористик ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида боргандик. Бизнинг мақсадимиз аниқ эди. Сабаби эса адолатли эди. НАТОдаги иттифоқчиларимиз ва шерикларимиз биз билан бирлашишди. Биз ушбу мақсадга эришдик», — деди АҚШ раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бундан 10 йил олдин АҚШнинг 44-президенти Барак Обама ундан Афғонистонга ташриф буюришни ва мамлакатдаги вазият ҳақида гапириб беришни сўраган.

«Ушбу саёҳат пайтида кўрганларим шуни англатдики, фақатгина Афғонистон халқи ўз мамлакатини бошқариш ҳуқуқига ва масъулиятига эга, АҚШ қуролли кучлари сонининг кўпайиши ва барқарорлашуви Афғонистон ҳукуматини кучайтира олмайди, сақлаб ҳам туролмайди», — деди Байден.

Унинг таъкидлашича, АҚШ 2011 йилда Ал-Қоида асосчиси Усама бин Ладенга нисбатан «адолатли ҳукм чиқарган» ва шундан бери АҚШнинг Афғонистонда қолишининг сабаблари «тобора тушунарсиз» бўлиб борди. «Биз Афғонистондаги қўшинларни олиб чиқиш учун идеал шароитлар яратиш ва бошқа натижаларга умид қилиб ҳарбий кучларимизни кўпайтириш ва мустаҳкамлаш циклини давом эттира олмаймиз», — деди Оқ уй раҳбари.

«Мен Америка курашган энг узоқ урушни тугатиш вақти келди деган хулосага келдим. Америка қўшинларининг уйга қайтиш вақти келди», — дея таъкидлади АҚШ президенти.

Жо Байденнинг айтишича, АҚШ қўшинларини олиб чиқиш мамлакатнинг НАТОдаги иттифоқчилари билан тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилади. У ушбу жараён давомида «толиблар» қўшинларга ҳужум қилса, «биз ўзимизни ва шерикларимизни барча мавжуд воситалардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қиламиз» дея таъкидлади.

«Бироқ, биз терроризм таҳдидини унутмаймиз. Биз террорчиларнинг қайта пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун терроризмга қарши курашиш имкониятларимизни ва минтақадаги муҳим ресурсларимизни қайта ташкил этмоқдамиз, бу бизнинг ватанимизга уфқдан хавф туғдиради», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти.

У АҚШнинг Афғонистонга дипломатик ва гуманитар ёрдамини давом эттиришга ва Афғонистон ҳукумати ҳамда Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Шунингдек, АҚШ минтақадаги бошқа мамлакатлар — Покистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Туркиядан Афғонистонни қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ иш қилишни сўрашини билдирди.

«Афғонистондаги уруш бир неча авлодлар учун мўлжалланмаган эди. Бизга ҳужум қилишди. Биз урушга аниқ мақсадлар билан кирдик. Биз бунга эришдик. Бин Ладин ўлдирилди, Ироқ ва Афғонистондаги «ал-Қоида» мағлуб бўлди. «Абадий уруш»га якун ясаш вақти келди», — деб ўз нутқини якунлади Жо Байден.