АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти Марказий Осиёдаги учта давлатдан НАТО чиқиб кетгунга қадар «Толибон»дан қочишга ҳаракат қилаётган АҚШ билан ишлаган 9 мингга яқин Афғонистон фуқаросини вақтинча жойлаштиришни сўради. Bloomberg бу борадаги музокаралардан хабардор бўлган икки манбага асосланиб хабар бермоқда.

Нашрнинг аниқлик киритишига кўра, АҚШ Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга америкалик ҳарбийларга ёрдам берган афғонларни қўшинларни олиб чиқиш жараёни тугашигача қабул қилишни сўраб мурожаат қилган.

«Ушбу келишув Афғонистон бўйича Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича кенгроқ битимнинг бир қисми бўлади. Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ташқи ишлар вазирлари шу ҳафта Вашингтонда бўлиб турибди ва томонлар АҚШ уларнинг ҳудудидан разведка, кузатув ва рекогносцировкани олиб боришига имкон берадиган битимни муҳокама қилмоқда», — деб ёзади нашр.

Associated Press жума куни хабар беришича, АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги энг йирик авибазаси Баграмни тарк этиб, уни «исёнчиларнинг янги ҳудудларни эгаллашини тўхтатиш учун курашаётган» Афғонистон мудофаа кучларига топширган. Ҳозирда «Толибон» гуруҳи мамлакатнинг 400 туманининг ярмини назорат қилмоқда, деб таъкидлайди Bloomberg.

«Президент Жо Байденнинг президент Ашраф Ғани ва Афғонистон Миллий ярашув Кенгаши раиси Абдуллоҳ Абдуллоҳга берган, Афғонистон кучлари учун миллиардлаб долларлик ҳарбий ва молиявий ёрдамни тақдим этишни давом эттириши ҳақидаги ваъдасига қарамай, Афғонистон етакчилари барча чет эл кучлари чиқарилгандан сўнг, бўлиб ўтиши муқаррар бўлган фуқаролик уруши ёки ҳукумат қулашидан қўрқишади», — дея таъкидлайди нашр.

Аввалроқ, Оқ уй маъмурияти йигирма йиллик можаро пайтида АҚШ ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик қилган ва «Толибон» нинг репрессиясидан қўрққан афғонларга иммиграцион визаларни беришни тезлаштиришга ваъда берган эди. Буни АҚШда ишлаганларга қочқин мақомини олиш учун ариза бериш имкониятини берувчи махсус иммигрант виза (SIV) дастури орқали амалга ошириш режалаштирилган. Расмий маълумотларга кўра, SIV учун 18 мингга яқин ариза берилган, жараён ҳозиргача улардан фақат 9000 нафари учун бошланган. Al Jazeera аниқлик киритишича, бу рақамлар ушбу шахсларнинг виза учун ариза берган турмуш ўртоқлари ва фарзандларини ҳисобга олмайди, уларнинг сони 70 минг киши атрофида.

Al Jazeera нашрининг ёзишича, июнь ойида толибон Ғарбга ишлаганларга ҳужум қилмасликни ваъда қилишди, лекин НАТО қўшинлари билан ишлаганлар «ўтмишдаги ҳаракатлари учун тавба қилишлари ва келажакда бундай ҳаракатларда иштирок этмасликлари керак, чунки бу ислом ва мамлакатга хиёнатга тенг бўлади».Толибон афғонларни мамлакатда қолишга чақирди ва ўз гуруҳларини қасос олиш учун ўлдиришдан тийилишга чақирди.

АҚШ президенти Жо Байден апрель ойининг ўрталарида Америка қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши 1 май куни бошланишини эълон қилган эди. Жараён 11 сентябрь -«Ал-Қоида»нинг Жаҳон савдо маркази ва Пентагонга ҳужумининг 20 йиллигига қадар якунланиши режалаштирилган.