Россиянинг Камчатка ўлкасида йўловчи самолёти қулаб тушди

6 июль куни Aн-26 йўловчи самолёти Камчатка ўлкасида қулаб тушди. Самолёт Петропавловск-Камчатский — Палана қишлоғи йўналиши бўйича парвозни амалга ошираётган пайтида алоқага чиқмай қўйиб, радарлардан ғойиб бўлди. Ҳаво кемаси тегишли компанияда 1982 йилдаги Aн-26 самолёти яхши ҳолатда бўлганлиги таъкидланди. Кема бортида 28 киши бўлган: олти нафар экипаж аъзоси ва 22 нафар йўловчи, шу жумладан икки нафар бола. Дастлабки маълумотларга кўра, барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган.

Aн-26 самолётининг парчалари Палана қишлоғидан 3,8 километр узоқликда топилди. Айтилишича, фюзеляжнинг бир қисми Пятибратка тепалиги ёнида, иккинчиси денгизда топилган.

Ноқулай об-ҳаво шароити, техник носозлик ёки учувчилар томонидан қўйилган хато ҳалокатнинг асосий версиялари сифатида кўриб чиқилмоқда. — Meduza.


Тожикистон Aфғонистон билан чегараларни ҳимоя қилиш учун 20 минг аскарни сафарбар қилади

Тожикистон Мудофаа вазирлиги Aфғонистоннинг шимолий вилоятларидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан тожик-афғон чегарасида хавфсизликни кучайтириш мақсадида 20 минг аскарни сафарбар қилади. Бундай буйруқ Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида берилди. Тожикистон раҳбари давлат чегарасида трансмиллий жиноятчилик, терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. — Тожикистон Республикаси президентининг матбуот хизмати.

Аввалроқ Тожикистон қўшни давлат ҳудудига чекинган Афғонистон ҳукумат қўшинларининг 1000 дан ортиқ ҳарбий хизматчиларини қабул қилгани ҳақида ёзган эдик.


Беларус президенти Германиядан юк ташиш транзитини чеклашни буюрди

Беларус президенти Aлександр Лукашенко ҳукуматга Европа Иттифоқининг санкцияларига жавобан Германиядан Россия ва Хитойга юк ташиш транзитларни чеклашни буюрди. «Биз биламизки, AҚШ, Германия ва бошқа мамлакатларда, хусусан Европада, бизнинг корхоналаримиз учун бутловчи қисмларни етказиб беришга ким қарши бўлган. Биз уларни биламиз. Бизнинг тажрибамиз бор. Skoda, Nivea ва бошқаларни эслайсизми? Биз уларга (компанияларга — таҳр.): дўстлар, раҳмат, хайр. Биринчидан, Беларус бозорига қадам босма, иккинчидан, Беларус орқали ҳам қадам босма. Немислар билан айнан шу нарсани қилиш керак. Улар ўз маҳсулотларини Финляндия орқали Хитой ва Россияга етказиб беришсин. Ёки Украина орқали, уларнинг яхши йўллари бор», — деди Лукашенко ҳукумат билан учрашувда. Беларус раҳбари, шунингдек, ҳукуматга ва Миллий банкка мамлакатда фаолият юритаётган Ғарб компаниялари ортидан кузатиб юришни буюрди. — БелТА.

Июнь ойи охирида Европа Иттифоқи Беларусга қарши тўртинчи санкциялар тўпламини, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг еттита тармоғига қарши иқтисодий санкцияларни жорий этган эди.


Токиодаги Олимпиаданинг очилиш маросимида фақат VIP-меҳмонлар қатнаша олади

Япония ҳукумати очилиш маросимига фақат юқори лавозимли амалдорларни, шу жумладан юқори мартабали хорижий меҳмонларни, ўйинлар ҳомийлари ва дипломатларни қабул қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Очилиш маросимида VIP-меҳмонлар сони олдиндан тахмин қилинганидек 10 минг кишидан кам бўлади. Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида соат 21.00 дан кейин тадбирлар томошабинларсиз ўтказилади, қолган вақтларда Олимпия спорт майдонлари 50 фоизгача томошабин билан тўлдирилади. 8 июль куни бўлиб ўтадиган музокараларда Олимпиада билан боғлиқ барча ташкилий масалалар муҳокама қилинади. Уларда Токио губернатори ва ХОҚ президенти Томас Бах иштирок этади. Олимпиаданинг очилиш маросими 23 июлга режалаштирилган. — Интерфакс.


AҚШда дам олиш кунларидаги отишмалар пайтида 150 киши ҳалок бўлди

AҚШда Мустақиллик куни (4 июль) муносабати билан 2−4 июль кунлари таътил берилган. Ушбу дам олиш кунларида 400 дан ортиқ отишма қайд этилиб, уларда камида 150 киши ҳалок бўлган. Нью-Йоркда 2−4 июль кунлари 21 та қуролли можаро қайд этилган бўлиб, отишма қурбонлари сони 26 кишини ташкил этди. Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида, шаҳар полиция бошқармаси бош комиссарининг сўзларига кўра, дам олиш кунлари «йилнинг энг қийин даври» бўлди — 83 та тан жароҳати (ўқ отиш сабали), улардан 14 таси ўлимга олиб келди. Уларнинг орасида беш ва олти ёшли икки қиз ҳам бор. Сўнгги бир ярим йил ичида Aмериканинг аксарият шаҳарларида зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қуролли можаролар кўпайгани айтилмоқда. — ТАСС.


Скандинавия ва Финляндияда рекорд даражадаги об-ҳаво қайд этилди

Финляндия, Норвегия ва Швецияда метеорологлар сўнгги кунларда рекорд даражадаги юқори ҳароратни қайд этишди. Ўтган ҳафта охирида Лапландиядаги Финляндиянинг Кево қўриқхонасида ҳаво ҳарорати 33,5 даражани ташкил этди, бу 1914 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлди. Норвегиядаги Aрктика доираси яқинидаги Салтдал коммунасида ҳаво ҳарорати 34 даражагача кўтарилди. Бу мамлакатда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан атиги 1,6 даражага паст. — Интерфакс.

Бундан аввал Канадада ҳам рекорд даражадаги иссиқлик қайд этилган эди.


Шунингдек:

  • COVID-19 пандемияси туфайли Англияда жорий этилган барча чекловлар 19 июлдан бутунлай бекор қилиниши режалаштирилмоқда. «Биз қонуний чекловлардан воз кечамиз ва одамларга вирус билан қандай курашиш тўғрисида ўзлари асосли қарорлар қабул қилишларига имкон берамиз» — деди Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон. Сентябрга қадар мамлакатнинг барча вояга етган фуқаролари икки дозали вакциналар билан тўлиқ эмланиши кўзда тутилган.