2027 йилда 15 Ғарбий Aфрика мамлакатининг умумий пул бирлиги пайдо бўлиши мумкин

Бу ҳақда ЕCОWAS ташкилоти комиссияси раҳбари Жан-Клод Касси Бру маълум қилди. Таъкидланишича, 2027 йилда ЕCОWAСнинг 15 мамлакати учун ягона валютани ишга тушириш бўйича янги йўл харитаси қабул қилинди. Ҳозирги вақтда саккиз Ғарбий Aфрика мамлакати умумий пул бирлиги сифатида Ғарбий Aфрика франки, қолган мамлакатлар эса ўзининг валютасидан фойдаланади.

2019 йил декабрда ЕCОWASга аъзо давлатлар Франция билан Ғарбий Aфрика франки валюта зонаси механизмини ўзгартириш тўғрисида келишувга эришдилар. Шартномага кўра, Ғарбий Aфрика франки эко (ЕCОWAS қисқартмасининг дастлабки учта ҳарфидан келиб чиққан ҳолда) деб ўзгартирилди, аммо еврога боғланган ҳолда қолди. Шу билан бирга, франк зонасига кирувчи мамлакатларнинг валюта захираларининг 50% Франция Марказий банки ҳисобварағида сақланиш шарти бекор қилинади. Ғарбий Aфрика молия ҳамжамияти раислари кенгашида француз вакили иштирок этиш талаби ҳам бекор қилинди.

Ғарбий Aфрика франки пул бирлиги сифатида Франция ҳукуматининг фармони билан 1945 йил декабрда Ғарбий ва Экваториал Aфрикадаги қарам ерлар ҳудудида жорий қилинган эди. ЕCОWASга Бенин, Буркина-Фасо, Гамбия, Гана, Гвинея, Гвинея-Бисау, Кот-д'Ивуар, Кабо-Верде, Либерия, Мали, Нигер, Нигерия, Сенегал, Того, Сьерра-Леоне давлатлари киради. — ТАСС.


Исроил ташқи ишлар вазири расман БAAга ташриф буюради

Исроил ташқи ишлар вазирининг БAAга биринчи расмий ташрифи 29−30 июнь кунлари бўлиб ўтади. «Кейинги ҳафта ташқи ишлар вазири Яир Лапид Исроил ташқи ишлар вазири сифатида Бирлашган Aраб Aмирликларига биринчи расмий ташрифни амалга оширади. 29−30 июнь кунлари Лапид БAA ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири меҳмони сифатида БAAга икки кунлик ташриф билан боради», — дея хабар бермоқда Исроил ТИВ матбуот хизмати. Ташқи ишлар вазирлиги «Лапид Aбу Дабида Исроил элчихонасини, шунингдек Дубайда Исроил Бош консуллигини очади», деб қўшимча қилди. — Исроил ТИВ.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил август ойида Исроил ва БАА муносабатларни яхшилашга келишиб олишган эди. Кейинчалик эса Вашингтонда, Оқ уйда бўлиб ўтган маросимда Исроил, БАА ва Баҳрайн давлатлари муносабатларни тиклаш бўйича келишувларни имзолашди. Бу эса Исроил ва араб давлатлари ўртасида 1994 йилдан буён амалга оширилган илк келишувга айланди. Кейинчалик октябрь ойида Исроил ва БАА ўз фуқаролари учун визасиз саёҳат тизимини йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олишган эди.


Европа Иттифоқи Беларусга қарши тўртинчи санкциялар тўпламини жорий этди

Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель 86 нафар жисмоний ва юридик шахсларни ўз ичига олган Беларусга қарши Европа Иттифоқининг тўртинчи санкциялар тўплами жорий этилганлигини расман тасдиқлади. «Бугун Европа Иттифоқи янги чеклов чораларини қўллаш орқали Беларус халқига кучли қўллаб-қувватлаш сигналини юборди», деб ёзган Мишель. «Бизнинг мурожаатимиз тушунарли: барча сиёсий маҳбусларни озод қилинг, кейинги репрессияларни тўхтатинг, кенг қамровли миллий мулоқотни бошланг», дея қўшимча қилди у. — Шарль Мишелнинг Twitter’даги саҳифаси.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Кенгаши Беларус иқтисодиётининг еттита тармоғига қарши иқтисодий санкцияларни жорий этиш тўғрисида келишувга эришди. Таъкидланишича, санкциялар тамаки маҳсулотларидан тортиб, калий экспортига қадар қамраб олади.

Шунингдек, ҳамжамият Кенгаши Қримнинг Россия Федерацияси таркибига киритилгани муносабати билан жорий этилган «Қрим» санкцияларини яна бир йилга узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.


Швеция парламенти илк бор бош вазирга ишончсизлик вотумини билдирди

Фото: EPA-EFE/OLIVIER HOSLET / POOL

Риксдаг (Швеция парламенти) аъзоларининг аксарияти бош вазир Стефан Лёвенга ишончсизлик вотумини билдирди. Бунга бош вазирнинг янги уйларда кўчмас мулк ижараси учун бозор нархларини жорий этиш таклифи сабаб бўлган. Маълумотларига кўра, 181 депутат ишончсизликни ёқлаб овоз берган, 109 киши қарши чиққан, 51 киши бетараф бўлган. Энди ҳукумат раҳбари истеъфога чиқиш ёки муддатидан олдин сайловларни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. — Интерфакс.

Ишончсизлик вотумини билдириш имконияти 1974 йилги конституцияда кўрсатилган. Ўшандан бери Риксдаг ушбу масала бўйича ўн бир марта овоз берган, аммо вотум билдириш бўйича келишиб олинмаган. Шундай қилиб, Стефан Лёвен мамлакат тарихида ишончсизлик вотумини олган биринчи бош вазир бўлди.


Буюк Британия бош вазири мамлакатнинг «илмий ҳукмронлик"ка эришиш ниятини эълон қилди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг айтишича, ҳукумат тадқиқотларга 2025 йилгача 22 млрд фунт стерлинггача сармоя етқизиш ва шу билан Буюк Британиянинг «илмий ҳукумрон» сифатида мавқеини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. Бош вазир «стратегик йўналиш» берадиган ва «жамоат манфаати» учун тадқиқотларни молиялаштирадиган янги Миллий илмий-техника кенгашига раҳбарлик қилади. Белгиланган мақсадга мувофиқ, қўшимча маблағлар иқлим ўзгариши, бутун мамлакат бўйлаб турмуш даражасини яхшилаш ва бутун дунё бўйлаб фаровонлик каби ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун сарфланади. — BBC News.


Эроннинг сайланган президенти ўзгаришларни амалга оширишга, коррупция ва қашшоқликка қарши курашишга ваъда берди

Эрон халқи ўзгаришларни, коррупцияга қарши курашишни ва фаровонликни яхшилашни талаб қилмоқда ва бу талаб янги ҳукумат томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда душанба куни Эроннинг сайланган президенти Эбраҳим Раиси овоз беришдан кейинги биринчи матбуот анжуманида маълум қилди. Унга кўра, «ҳукуматнинг устувор йўналишлари — ишбилармонлик муҳитини, одамлар ҳаётини ва ҳукуматдаги вазиятни яхшилаш, шунингдек маъмурий тизимни ислоҳ қилиш ва ўзгаришларга тўсқинлик қиладиган анъанавий бюрократияни йўқ қилишдир». Раисининг таъкидлашича, Эрон янги ҳукумати, агар келишувнинг бошқа томонлари ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарсалар, ядровий келишувни қўллаб-қувватлайди.

Эрон тарихидаги ўн учинчи президентлик сайловлари 18 июль куни бўлиб ўтди. Сайловчиларнинг 17,9 млни ёки 62 фоизи Эбрағим Раисига овоз берган. — ТАСС.


Шунингдек:

  • Арманистон бош вазири в. б. Никол Пашиняннинг «Гражданский договор» партияси парламент сайловларида 53,92% овоз билан ғолиб бўлди. Ундан кейинги ўринни мамлакатнинг собиқ президенти Роберт Кочарянниг блоки эгаллади. Роберт Кочарян парламент сайловлари натижаларини тан олмади ва сайлов натижаларига шикоят қилиш учун Конституциявий судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
  • Мьянма амалдаги ҳукумат раҳбари, ҳарбийлар етакчиси Мин Аунг Хлайн Москвага етиб келди. Таъкидланишича, Хлайн халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференциясида иштирок этади.
  • Японияда 65 ёшгача бўлган фуқаролар учун COVID-19га қарши оммавий эмлаш бошланди.
  • Ҳиндистоннинг Махараштра штатида коронавируснинг янги штамми топилди, у «дельта плюс» деб номланди. Ҳозирда 20 га яқин ҳолат аниқланган.