1 июлдан бошлаб ЕОИИда иш қидиришнинг ягона тизими ишга туширилади

1 июлдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳудудида «Чегарасиз иш» деб номланган иш қидиришнинг ягона тизими жорий этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. «Бир вақтнинг ўзида умумий интеграция тизимини ишга тушириш учун чет эллик ҳамкасблар билан биргаликда аъзо давлатлар ҳудудида иш топишнинг асосий ахборот тизимлари тайёрланди: Арманистоннинг „Горц“ ахборот тизими, Беларус давлат бандлик хизматининг ахборот портали, Қирғизистоннинг „Бандлик“ портали, „Россияда ишлаш“ ахборот тизими ва, албатта, бизнинг „Энбек“ порталимиз», — деди вазир ўринбосари Эрбол Оспанов.

«Чегарасиз иш» — бу ЕОИИга аъзо давлатларнинг ахборот тизимларида бўш иш жойлари ва иш қидирувчилар тўғрисида маълумот олиш учун қидирув тизими. Умумий тизим ЕОИИнинг барча жойларидан иш изловчилар ва иш берувчиларга иш жойини ёки ишчиларни қидириш, бўш иш ўринлари ва миллий меҳнат биржаларида тўпланган, тасдиқланган ва нашр этилган резюмелар асосида излашга имкон беради. — Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги.


ЖССТ Хитойни безгакдан ҳоли мамлакат деб эълон қилди

Бу ҳақда ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесус маълум қилди. «Бугун биз Хитой халқини мамлакатнинг безгак устидан ғалаба қозонгани билан табриклаймиз. Ушбу муваффақият катта меҳнат билан қўлга киритилди ва бунга ўнлаб йиллар давомида амалга оширилган мақсадга мувофиқ ва изчил ҳаракатлар натижасида эришилди», — деди Гебрейесус. ЖССТ директорининг таъкидлашича, бундан буён ХХР «безгаксиз келажак ҳаётий мақсад эканлигини намойиш қилувчи тобора кўпайиб бораётган мамлакатлар қаторига қўшилмоқда».

Хитой Тинч океанининг ғарбий минтақасида ўттиз йилдан ортиқ вақт ичида безгак устидан ғалаба сертификатини олган биринчи мамлакат бўлди. Ушбу мақомга эга бўлиш учун мамлакат камида уч йил кетма-кет ўз ҳудудида касалликнинг маҳаллий юқтириш занжири қайд этилмагани тўғрисида рад этиб бўлмайдиган далилларни тақдим этиши керак. Ҳозирда ушбу сертификатга эга бўлган давлатлар сони (рўйхат) 40 тани ташкил этади. — ЖССТ.


Канадада рекорд даражадаги иссиқлик қайд этилди

Канаданинг ғарбий қисмида ушбу ҳудуд учун рекорд даражадаги иссиқлик кузатилмоқда. 29 июнь куни Литтон шаҳарчасида ҳаво ҳарорати 49,6 даражагача кўтарилди. Таъкидланишича, шу пайтгача бутун Канадада ҳарорат 45 даражадан юқори бўлмаган. Бундай рекорд 1937 йилда (84 йил аввал) Саскачеванда ўрнатилган эди.

Маълумотларга кўра, Ванкуверда 25 июндан бери шаҳар ва унинг атрофида 130 та тўсатдан ўлим ҳолати қайд этилган. Британия Колумбиясида 25−28 июнь кунлари 233 киши вафот этган. Аввалроқ тўрт кун ичида ҳудудда ўртача 130 ўлим қайд этилар эди. Ҳозирда Ванкувер ва унинг атрофида совутиш марказлари ва вақтинчалик фавворалар ташкил этилган. Полиция патрул хизматини кучайтирди.

Иқлимшунос Дэвид Филипс Канада дунёдаги энг қорли ва энг совуқ бўлган иккинчи мамлакат эканлигини эслаб ўтди. «Бизда тез-тез совуқлар, қор бўронлари бўлиб туради, лекин бундай иссиқлик ҳақида биз камдан-кам гапирамиз», — деди у. «Ҳозир Дубайда салқинроқ», дея қўшимча қилди Филлипс. — ВВС.


Ҳиндистонда йил бошидан буён 798 нафар шифокор коронавирусдан вафот этди

Ушбу йилнинг биринчи ярмида камида 798 нафар ҳиндистонлик шифокор эпидемиянинг иккинчи тўлқини пайтида коронавирусдан вафот этди. Энг катта йўқотишлар Деҳлида кузатилди, у ерда коронавирус билан касалланган 128 нафар шифокор вафот этди. COVID-19 инфекцияси Шарқий Биҳар штатида 115 нафар, шимолий Уттар Прадеш штатида 79 нафар шифокорнинг ўлимига сабабчи бўлди. Ўтган йили Ҳиндистон бўйлаб 748 нафар соғлиқни сақлаш ходими ушбу касалликдан вафот этган эди. — Times of India.


Япония бош вазирининг 2020 йилдаги даромадлари эълон қилинди

Япония бош вазири ва мамлакатнинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси раҳбари Ёсиҳидэ Суга ўтган йили жами 38,7 млн иенадан (тахминан 350 минг доллар) сал кўпроқ даромад топди. Даромад асосан ҳукумат раҳбарига тегишли бўлган иш ҳақи ва бошқа тўловлардан иборат. — ТАСС.

Май ойида Оқ уй томонидан эълон қилинган солиқ декларацияларига кўра, AҚШ президенти Жо Байден биринчи хоним Жил Байден билан бирга ўтган йили 600 минг доллардан сал кўпроқ ишлаб топган. Шу билан бирга, вице-президент Камала Харрис ва унинг эри Даг Эмхофф 2020 йилда 1,6 млн доллардан кўпроқ даромад кўрган.

1 апрель куни Ураина президенти даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этган эди. Владимир Зеленский ва оила аъзоларининг 2020 йилдаги даромади 815 минг долларни ташкил этган.


АҚШ Aфғонистонда мингга яқин ҳарбийни қолдиради — ОАВ

Вашингтон Aфғонистондаги контингентининг асосий қисми чиқарилгандан сўнг мамлакатда мингга яқин ҳарбийни AҚШ элчихонаси ва Кобулдаги аэропортни қўриқлаш учун қолдириши мумкин. Аввалроқ Афғонистонда 650 нафарга яқин ҳарбий қолдирилиши режалаштираётгани ҳақида ёзган эдик.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, қўшинлар олиб чиқиб кетилгандан сўнг, АҚШ шериклари билан Aфғонистонни иқтисодий ва гуманитар қўллаб-қувватлаш, шунингдек хавфсизлик кучларига ёрдам беришда давом этади.

Апрель ойида АҚШ президенти Жо Байден мамлакат 1 майдан бошлаб Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқишни бошлаши ва бу жараённи 11 сентябргача якунлашни режалаштираётгани ҳақида маълум қилган эди.

Шунигдек: Италия ўз контингентини Aфғонистондан олиб чиқиш операциясини якунлади. Мамлакат мудофаа вазирининг таъкидлашича, Италия Aфғонистон ҳукуматига қўшинларсиз ёрдам беришда давом этади.