4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси «Толибон» кучлари Тожикистон билан умумий чегараси 910 км бўлган Бадахшон провинциясининг Хохон, Шикай, Нусай, Моҳимай, Шугнон ва Султон Ишкашим округларини тўлиқ назоратига олди. Бу ҳақда Тожикистон «Ховар» АА Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот марказига асосланиб хабар берди.

Толиблар билан қуролли тўқнашувлар пайтида Афғонистон ҳукумат кучларининг 1037 нафар ҳарбий хизматчилари шахсий таркиби ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Дарвоз туманидаги Шоҳон Ш. Шохин (104 киши), Рузвай (213 киши) ва Нулванд (83 киши), Ҳумроги Ванж тумани (173 киши), Хорог шаҳрининг Тем тумани (312 киши), Ишкашим (102 киши) ва Ишкашим туманининг Лангар (50 киши) чегара участкалари орқали Тожикистон ҳудудига чекинишган.

«Яхши қўшничилик тамойилини ҳисобга олган ҳолда ва [Афғонистон] ички ишларига аралашмаслик позициясига риоя қилган ҳолда» Тожикистон қўшни давлат ҳарбийларига ўз ҳудудига киришга рухсат берди.

«Айни пайтда кўрсатилган чегара ҳудудларидаги вазият Тожикистон Республикаси чегара хизмати назорати остидадир», — дея қайд этилмоқда хабарда.

Вазият кескинлашган тақдирда Тожикистон Афғонистондан 10 мингдан ортиқ қочқинларни қабул қилишга тайёр эканлигини маълум қилган эди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳам ўз чегарасини афғон ҳарбийлари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар кесиб ўтгани ҳақида хабар берган эди — биринчи ҳолда 53 киши, иккинчисида яна 47 киши чегарани кесиб ўтган эди. Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган. «Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади», — дея таъкидлаган эди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.