Коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида Англияда ўрнатилган чекловлар 19 июлдан бутунлай бекор қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда душанба куни Лондонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

«Биз қонуний чекловлардан воз кечамиз ва одамларга вирус билан қандай курашиш тўғрисида ўзлари асосли қарорлар қабул қилишларига имкон берамиз, бино ичидаги ва очиқ ҳаводаги тадбирларда одамлар сонидаги барча қонуний чекловларни олиб ташлаймиз, барча турдаги бизнесларни очишга рухсат берамиз, шу жумладан тунги клубларни ҳам», — деди Жонсон.

Бош вазирнинг қўшимча қилишича, сентябрга қадар мамлакатнинг барча вояга етган аҳолиси икки дозали вакциналар билан тўлиқ эмланади. «Биз эмлаш кампаниямизни кучайтирамиз ва 40 ёшгача бўлган одамлар учун дозалар оралиғини 12 дан саккиз ҳафтагача қисқартирамиз, шунда [қиролликда] 18 ёшдан катта бўлганлар сентябр ойининг ўрталарига қадар вакцинанинг икки дозасини олишлари мумкин бўлади», — дея таъкидлади Британия ҳукумати раҳбари.

Чекловларнинг тўлиқ бекор қилиниши, ҳукумат бундан буён мамлакат аҳолисининг 85 фоиздан кўпроғи яшайдиган Англия аҳолисидан ниқоб тақишни ва ижтимоий масофа чораларига риоя қилишни талаб қилмаслигини англатади. Инглизлар катта гуруҳлар бўлиб бинонинг ичида ҳам, очиқ ҳавода ҳам тўпланишлари мумкин бўлади. Шунингдек, оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари қайта кўриб чиқилади. Бундан ташқари, ҳукумат энди иш берувчиларга тегишли қарорларни қабул қилиш учун тўлиқ ваколат бериб, одамларга уйда ишлаш тавсия этилмайди.

Жонсон шунингдек, ҳукумат Англияга инфекция тарқалиш хавфи юқори бўлмаган давлатлардан келганидан кейин, тўлиқ эмланган саёҳатчиларга карантин талаб қилинишини тез орада тўхтатишни эълон қилди. COVID-19 билан касалланган одамлар ҳали ҳам ўзларини уйда изоляция қилишлари керак, аммо мактабларда энди битта ўқувчида вирус аниқланса, бутун синфни изоляцияга юбориш тавсия қилинмайди.

Май ойидан буён Буюк Британияда COVID-19 билан касалланиш тез суръатлар билан ўсиб бормоқда ва сўнгги кунларда мамлакатда кунига ўртача 25 мингга яқин юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Бу мамалакатда коронавируснинг янги Дельта штаммининг тарқалиши билан боғлиқ.