Беларусда «дўстона бўлмаган мамлакатлар» товарларини сотиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди

Беларусь Монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазирлиги (МAРТ) «Беларусь халқига нисбатан дўстона бўлмаган» компанияларнинг [расман тақиқланган] товарларини олиб кириш ва сотиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилишини маълум қилди. Тақиқланган компаниялар орасида Liqui Moly, Škoda Auto, Nivea, Labello, Hansaplast ва бошқалар бор (Тўлиқ рўйхат). «Чакана савдо дўконларида, бозорларда, кўргазмаларда, ярмаркаларда, интернет-дўконларда тақиқланган товарлар аниқланган тақдирда, бундай савдо билан шуғулланадиган шахсларга уларни сотишни тақиқлаш тўғрисида буйруқ берилади. Ушбу тақиқни бузган шахслар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади», — дейилади МAРТ хабарида. Маълум қилинишича, тақиқ муддати 6 ой давом этади.

ТАССнинг ёзишича, 2021 йил 5 майда Беларусь Вазирлар Кенгашининг қарори кучга киради, унда Белорусиянинг юридик ва жисмоний шахсларига қарши санкцияларни жорий этган мамлакатларнинг бир қатор хорижий компаниялари товарларига республикага олиб кириш ва сотиш тақиқи қўйилади.


ЖССТ Ҳиндистонга коронавирус билан курашишда ёрдам бериш учун 2,6 минг ходимини юборди

ЖССТ Ҳиндистонда тобора кўпайиб бораётган коронавирус ҳолатларига қарши курашишда ёрдам бериш учун 2,6 мингдан ортиқ ходимларини у ерга юборди. Ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг айтишича, ходимлар ҳиндистонлик ҳамкасбларига техник консультация ҳамда эмлаш ва касалликларни кузатиб боришда ёрдам беради. Ҳиндистонга ташкилот томонидан, шунингдек, минглаб кислород концентраторлари, кўчма тайёр дала шифохоналари ва лаборатория жиҳозлари юборилди. — Интерфакс.

Ҳиндистон фонида, AҚШ бошқа мамлакатларга AstraZeneca вакцинасининг 60 млн дозасини юборишга қарор қилди. Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг сўзларига кўра, АҚШда ушбу вакцинанинг 10 млн дозаси мавжуд ва май ва июнь ойларида яна 50 млн доза етказиб берилади. Псакининг таъкидлашича, AstraZeneca препаратини мамлакатда қўллашга рухсат берилмаган. Бироқ, унинг аниқлик киритишича, жўнатишдан олдин вакциналарнинг сифати текширилади.

Аввалроқ, Ҳиндистондаги касалхоналар ётоқ ва кислород тугаганлиги сабабли COVID-19 беморларини қабул қилишдан бош тортаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ўликлар кўплигидан уларнинг жасадлари кўчаларда ёқилмоқда. Кунига 360 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланиб, 3 минг киши вафот этаётгани қайд этилган.


Вашингтон Трамп инаугурацияси кунида ҳибсга олинган намойишчиларга 1,6 млн доллар миқдорида товон тўлайди

Вашингтон ҳукумати 2017 йил январь ойида AҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг инаугурацияси пайтида 200 га яқин намойишчи ҳибсга олинганлиги сабабли 1,6 млн доллардан кўпроқ пул тўлайди. Даъвогарлар полиция ходимлари журналистлар, кузатувчилар ва намойишчиларни ҳибсга олаётганида уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақида таъкидлашди. Пойтахт округи маъмурияти олтита даъвогарга 600 минг доллардан ортиқ пул тўлашни ва яна 200 нафар ҳибсга олинганларнинг даъвосига 1 млн долларни тўлашга мажбурланди. Ҳибсга олинганларнинг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари уларни 16 соат давомида овқатсиз ва сувсиз ушлаб туришган. — The Washington Post.


Blue Origin компанияси SpaceX’нинг Ойга одам юбориш танловида ғолиб бўлгани учун норозилик билдирди

Жефф Безоснинг Blue Origin хусусий аэрокосмик компанияси НАСА Ойга одам юбориш учун SpaceX’ни танлагани муносабати билан AҚШ Ҳисоб палатасига норозилик билдирди. НAСA дастур учун бюджетни 3,3 млрддан 850 млн долларгача қисқартирганини эълон қилганидан сўнг Blue Origin’га ушбу танловда қатнашиш учун аризасини қайта кўриб чиқиш имкониятини бермаган, дея таъкидланмоқда компанияда. Аввалига дастурда иштирок этиш учун танловнинг иккита иштирокчисини танлаш мумкинлиги кўзда тутилган эди, аммо бюджет етарли бўлмаганлиги сабабли бу вариант имконсиз бўлиб қолди. Хабарга кўра, компанияга дастур бюджетнинг қисқартирилиши ҳақида айтилганида, улар харажатларни камайтиршга ҳаракат қилишар эди. — spacenews.com.


Россия ва Тожикистон бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратади

Россия ва Тожикистон бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимини яратмоқда, деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Тожикистон ҳарбий бошқармаси бошлиғи Шерали Мирзо билан музокаралари пайтида. Ҳаво ҳудудида чегараларни ҳимоя қилишнинг ишончлилигини ошириш учун томонлар Россия ва Тожикистоннинг ҲҲМ бўйича қўшма ҳудудий тизимини яратиш тўғрисида келишув лойиҳасини тайёрладилар, деди Шойгу. Вазир, шунингдек, Россия ҳарбий университетларда ўқиш учун тожикистонлик ҳарбийлар сонини кўпайтиришга тайёрлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Тожикистон Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини кучайтириш мақсадида Россия республикани қурол-аслаҳа ва техника билан таъминлайди ҳамда Россия ҳарбий университетларида Тожикистон армияси учун малакали кадрларни бепул тайёрлайди. «Ҳозир бу ерда сизнинг беш юздан ортиқ ҳарбий хизматчиларингиз таҳсил олмоқда, шунингдек, ҳар йили 201-рус ҳарбий базаси маблағлари ҳисобидан мингга яқин кичик мутахассислар тайёрланмоқда. Биз иккала — таҳсил олаётганлар ва мутахассисликлар сонини кўпайтиришга тайёрмиз», — деди Россия мудофаа вазири. — Интерфакс.


Дунёда 3,5 млрддан ортиқ одам интернетга уланмаган — БМТ

Дунё бўйлаб тахминан 3,7 млрд одам учун интернетга уланиш имконияти мавжуд эмас, бу эса тенгсизликнинг янги турини келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессияси раиси Волкан Бозкир айтиб ўтди. «Ҳақиқат шуки, тахминан 3,7 млрд одам рақамли технологиялардан узилиб, интернетда ишлаш, ўқиш ва харид қилиш имкониятисиз қолмоқда», деди у. У тобора кучайиб бораётган «тенгсизликнинг янги шаклига ўтиш хавфини туғдирадиган рақамли бўлинишни» йўқ қилишга чақирди. — ТАСС.