Бухоро ҳокими Ботир Зариповнинг коронавирусга чалингани тасдиқланди, дея хабар қилди Daryo вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев ва бошқа ОАВ манбаларига таяниб.

Ахборот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, ҳоким касалликнинг енгил турини юқтириб олган. Унинг қўшимча қилишича, Ботир Зарипов аҳоли ва фуқаролар билан учрашувларда ҳар доим улар билан яқин масофада бўлиб келган.

«Одамларни шу қадар яхши кўради ва ўзига жуда яқин олади. Уларга ҳурмат ва эҳтиром сифатида қўл чўзиб кўришади, ёши кекса отахон-онахонларга елка тутади. Бу эса шунча ҳимояланишга қарамай, касалликнинг енгил формасини юқтиришига олиб келган бўлиши мумкин», — деди у.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, Ботир Зарипов 27 июнь куни Бухоро шаҳридаги «Хўжа Мушкин» ҳамда «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинининг ободонлаштиришдан кейинги очилиш маросимларида қатнашган. Лавҳалардан кўриниб турибдики, ҳоким ниқобсиз бўлган, фуқароларнинг қўлини сиқиб, масофа сақламаган.

30 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар ва талабалар форумида Ёшлар куни муносабати билан нутқ сўзлади. Вилоятлар раҳбарлари тадбирда видеоконференцалоқа орқали қатнашдилар, бироқ Ботир Зарипов студияда йўқ эди. Фотосуратлар ва ҳокимлик маълумотларига таянилса, ҳоким 30 июнь куни Бухорода бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов раислигидаги кенгайтирилган йиғилишда ҳам қатнашмаган.

Daryo бу ҳақдаги хабар сайтда эълон қилиниши арафасида Олим Жўраевнинг ҳоким билан телефон орқали мулоқот қилгани, ҳоким Тошкент шаҳрига даволаниш учун эмас, оилавий дам олиш учун кетганини айтганини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров ҳамда ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Ибрагимова ҳам айни кунда саломатлигини тиклаган ва ишга қайтган. «Газета.uz» матбуот хизмати раҳбари билан боғлана олмади.

«Турли миш-миш ва ноўрин гап-сўзларга ҳожат йўқ. Тўғри, касалликнинг енгил формасини ўтказдим ва мен вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ўн кунча даволандим. Ўғлимда ҳам касаллик кузатилгани боис, унга ҳам муолажалар олдик. Шукурки, ҳозир саломатмиз», — деди Феруза Ибрагимова «Дарё»га.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилоятининг аввалги ҳокими в. б. Карим Камолов 2020 йил 22 августда коронавирус асоратларидан вафот этган эди. Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам COVID-19 билан касалланган эди. Уларнинг барчаси Тошкентда даволанган.

Маълумот учун, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 млн 225 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистик маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида (26 июндан 2 июлгача) 160 та ҳолат, бир ҳафта олдин (20 дан 26 июнгача) — 118 та ҳолат аниқланган.

Аввалроқ Президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси талабига биноан, вилоятлар ҳокимлари Тошкентда даволанаётгани ҳақида хабар берилган эди.