Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Тошкент шаҳрида даволанишдан сўнг буткул соғайиб, воҳага қайтди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тўра Боболов Термиз халқаро аэропортида вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар билан мулоқот ўтказиб, воҳада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, коронавирус пандемиясини жиловлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда бошқа зарур масалалар ҳусусида атрофлича фикр алмашди.


Олдинроқ, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ва Қобул Турсуновлар ҳам Тошкентда COVID-19дан даволанаётганлиги ҳақида маълумот берилган эди. Уларнинг аҳволи ҳақида ҳозирча маълумот берилгани йўқ.

Бухоро вилояти ҳокимлиги нега вилоят раҳбарлари пойтахтда даволанаётганлиги ҳақида маълумот бериб, амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги Тиббиёт Бош бошқармаси рўйхатида туришади деган эди. «Зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида».