Зангиотадаги 2 минг кишига мўлжалланган касалхонада 2,5 мингдан ортиқ бемор коронавирусдан даволанмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали орқали маълум қилинди.

«Касалхонамиз 2 минг койкага мўлжалланган. Аммо айни вақтида 2550 нафар бемор даволанмоқда. Коронавирусга чалинганлар сони, айниқса, ҳомиладор аёллар ва болалар орасида кескин ошиб кетди. Блокларда беморлар сони ортиб кетгани сабаб болаларни катталар учун мўлжалланган палаталарга жойлаштиришга мажбур бўляпмиз. Вазият шуни кўрсатмоқдаки, вакцинациясиз муаммони бартараф этиб бўлмайди», — дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Олимжон Исоқов.

Таъкидланишича, охирги вақтларда ҳар куни 350 га яқин инсон касалхонага ётқизилмоқда. Бўш койка-ўринлар қолмагани сабаб касалхонага беморларни қабул қилиш тўхтатилган.

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси қабул бўлими мудири Ўлуғбек Исломовнинг таъкидлашича, касаллик ёшарган. Реанимацияда ётган беморларнинг барчаси вакцинациядан ўтмаган.

2 июль куни Ўзбекистонда 482 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 112 минг 130 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 745 нафарни ташкил қилди.

ССВ 2 июлдан бошлаб айни вақтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони ҳақида маълумот бермаяпти.