АҚШ Давлат департаменти турли давлатларнинг одам савдосига қарши қандай курашаётгани баҳоланган 2021 йилги Одам савдоси тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда мамлакатлар АҚШнинг одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуни (Trafficking Victims Protection Act, TVPA) бўйича минимал стандартлар асосида баҳоланган ва уч тоифага ажратилган.

Янги ҳисоботда Ўзбекистон иккинчи тоифага (Tier 2) киритилган бўлиб, ундан ҳукуматлари TVPA минимал стандартларига тўлиқ риоя этмаётган, бироқ уларга амал қилиш учун жиддий чораларни кўраётган давлатлар ўрин олган.

«Ўзбекистон ҳукумати одам савдосини бартараф этиш бўйича минимал стандартларни тўлиқ адо этаётгани йўқ, бироқ бунинг учун жиддий чораларни амалга оширмоқда. Ҳукумат, COVID-19 пандемиясининг одам савдосига қарши курашиш бўйича имкониятларига таъсирини ҳисобга олган ҳолда, ўтган ҳисобот даврига нисбатан саъй-ҳаракатларининг умумий ўсишини намоён этди, шунинг учун Ўзбекистон иккинчи тоифага киритилди», — дейилади ҳисоботда.

2018 йилдан буён Ўзбекистон алоҳида кузатув олиб бориладиган иккинчи тоифадаги давлатлар тоифасидан (Tier 2 Watch List) ўрин олиб келмоқда. 2020 йилда мамлакат ўрнини учинчи тоифага тушириш кутилаётган эди, бироқ истисно қилинди.

АҚШ фикрига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари одам савдоси тўғрисидаги янги қонуннинг қабул қилингани, Жиноят кодексига биринчи жиноятдаёқ болалар меҳнати учун жавобгарликни кучайтириш бўйича тузатиш киритилгани, катта миқдорда одам савдоси қурбонларининг аниқлангани каби чораларни ўз ичига олади. Ҳисоботда, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар ҳудудидан юзлаб аёллар ва болаларни репатриация ва реинтеграция қилиш бўйича саъй-ҳаракатлари, пандемия даврида қарийб ярим миллион ишсиз мигрантларни ишга жойлаштириш бўйича чоралари ҳам тилга олинган.

Бироқ, ҳисоботда қайд этилишича, ҳукумат айрим муҳим масалаларда минимал стандартларга риоя қилмаган.

«Айрим туманлардаги маҳаллий ҳукумат миллий қонунчиликда пахта ишлаб чиқаришга квота бекор қилинганига қарамасдан, ушбу амалиётни жорий этишда давом этмоқда <...>. Ҳукумат меҳнат қонунчилигини бузганлик учун мансабдор шахсларни жаримага тортишда давом этаётган бўлса ҳам, кетма-кет тўққизинчи йилдирки, мажбурий меҳнат билан боғлиқ жиноятларга шериклик учун масъул мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортаётгани йўқ. Мажбурий меҳнатни, биринчи марта содир этилганида, маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида малакаловчи амалдаги қонунлар самарали ижрони чеклаб келмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ 93 та иш бўйича 566 та тергов олиб борилиб, жинсий эксплуатация бўйича 51 та, болалар эксплуатацияси бўйича 39 та ва мажбурий меҳнат бўйича 3 та жиноий иш қўзғатилган. Ушбу ишларда 129 киши гумонланувчига айланган. 93 та қўзғатилган ишнинг 23 таси чет элда содир этилган жиноятлар билан боғлиқ.

Ўтган йили одам савдоси айблари билан 100 киши жиноий жавобгарликка тортилган, шулардан 50 нафари жинсий эксплуатация, 6 нафари мажбурий меҳнат ва 44 нафари «вояга етмаганларни сотиш» айбловлари билан. суд томонидан одам савдоси билан шуғулланган 100 нафар шахснинг 33 нафари озодликдан маҳрум қилиш, 35 нафари уй қамоғига, 1 нафари ахлоқ тузатиш ишлари ва 20 нафари шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 4 маҳкумнинг ҳукмлари номаълум, 7 нафари амнистия асосида чиқарилган.