Тожикистон Милий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари 21 июнь куни Тожикистон билан чегарадош Афғонистоннинг Қундуз провинциясида жойлашган «Шерхон-Бандар» комиссариатининг толибон ҳаракати томонидан эгаллаб олинганлиги бўйича изоҳ берди. Бу ҳақда «Ховар» агентлиги маълум қилди.

«22 июнь куни соат 9:00га қадар давом этган қуролли тўқнашув натижасида [Афғонистон] ҳукумат кучларининг 134 нафар ҳарбий хизматчилари ҳужумга дош беролмай, „Панж“ чегара отрядининг учинчи ва тўртинчи заставалари орқали Тожикистон Республикаси ҳудудига чекинишга мажбур бўлишди», — дейилади баёнотда.

«Тожик чегара қўшинлари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтган афғон ҳарбийларига Тожикистон ҳудудига тўсиқларсиз ўтишларига рухсат берди», — дея таъкидлади қўмита.

Афғон ҳукумати кучлари ҳарбий хизматчилари орасида тўрт киши яраланган ва бир киши ўлдирилган.

Тожикистон ва Афғонистон чегаралари линиясидаги вазият кескин деб баҳоланмоқда, Шерхон-Бандар ҳудудида яраланган, ўлдирилган ва асирга олинган афғон ҳарбийларининг умумий сони 100 нафарга яқин.


Сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўртта провинциясида ҳукумат кучлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда. Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, Тахор провинциясининг Чахёб, Янги Қалъа, Даркад, Дашти Қала, Хожагор уездлари, Қундуз провинциясининг Дашти Арчи, Имом Сохиб ва Калаи Зол уездлари, шунингдек «Шерхон-Бандар» ва «Кокул» назорат ўтказиш пунктлари толибон назоратига ўтган.

Шерхон-Бандар Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-ўтиш жойи бўлиб, у орқали Тожикистоннинг Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдан, шу қаторда Покистон ва Эрондан келадиган божхона импорти ўтади. Ушбу чегара пости Тожикистоннинг Хатлон вилояти Панж тумани ва Афғонистоннинг Қундуз провинцияси Имом Сохиб тумани ўртасидаги чегарада жойлашган. Имом Сохиб тумани ҳам толибон томонидан босиб олинган.

AsiaPlus нашрининг маълум қилишича, вазият кескинлашган тақдирда Тожикистон Афғонистондан 10 мингдан ортиқ қочқинларни қабул қилишга тайёр. Аммо ҳозирча бундай эҳтиёж йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни АҚШ Афғонистондан қўшинларни чиқаришни бошлади, июнь ойи бошида мамлакатдан ғарб ҳарбий контингентининг учдан бир қисми чиқиб кетди. РИА Новостининг ёзишича, шундан сўнг «Толибон» Афғонистон ҳукумати позицияларига ҳужум қилишни бошлади. 11 июнь куни улар Гор провинцияси Толак туманидаги аҳоли пукнтларига ҳужум қилишган. Оқибатда 20 нафар хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлди, шунча одам яраланди. Афғон ОАВларининг маълумотларига кўра, жангдан сўнг ҳудуд тўлиқ равишда экстремистлар қўл остига ўтган.

Июнь ойининг ўртасида толибон ҳаракати Сари-Пул провинциясидаги афғон армияси базасини жангсиз эгаллаб олди. Улар 20 та «Хамви» внедорожниклари, 20 та армия юк машиналари, 30 та пикап ва 300га яқин М-16 штурм винтовкаларини, шунингдек бир неча тонна қурол-яроқларни қўлга киритишди.

«Ҳукумат кучлари ҳам баъзида ҳужумга ўтмоқда, аммо гап ташаббусни олиб қўйиш ҳақида эмас, балки бир-икки маротаба ҳужумга ўтиш ҳақида кетмоқда», — дейилади РИА хабарида. Афғонистон мудофааси ва хавфсизлиги кучлари 15 июнь куни 160 нафар толибонни йўқ қилганликлари, яна 100га яқин жангарилар турли хил оғирликда ярадор бўлганлиги ҳақида маълумот берди. Терроризмга қарши операциялар Қундуз, Газни, Ҳирот, Гилменд, Гор, Нангархар, Вардак ва Бадахшон провинцияларида ўтказилган.