Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ҳоким қабулига шикоят қилиб борган аёл жамоатчилик тартибини сақлаш баҳонасида бир кун мажбурий тартибда асаб-руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда «Дарё»га мурожаат қилган шаҳрисабзлик аёл Нодира Ўринова маълум қилди.

Аёл йўллаган видеомурожаатга кўра, иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Нодира Ўриновага такрорий мурожаатлари инобатга олиниб, 2018 йили унга Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги томонидан бепул уй-жой берилган.

Аёлнинг сўзларига кўра, унга уй билан қўшиб берилмаган уй-жиҳозларини — гилам, телевизор, хонтахталарни «берилди» дея республика Касаба уюшмасига маълумот берилган. «Демак, менга берилган уй-жиҳозларини кимдир ўзи олган ва уй-жиҳозлари менинг номимда қолган. Мен шу адолатсизликни фош қилиш мақсадида МФЙ раиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг (ўша пайтдаги — таҳр.) раҳбари Шаҳло Раҳмоновага кўплаб мурожаатлар қилдим, аммо натижаси бўлмади», — дейди у.

Қашқадарё вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Долли Аллаевнинг 2021 йил 30 январь куни фуқаро Нодира Ўриновага йўллаган жавоб хатида унга янги уй билан бирга хонтахта, телевизор ва гилам берилгани ҳақида нотўғри ахборот берган «Дўстлик» МФЙ раиси Рустам Бозоров ҳамда унинг ўринбосари Моҳира Каримовалар шу қилмиши учун лавозимидан олингани маълум қилинган.

«Шаҳрисабз шаҳрига янги ҳоким Акром Сулаймонов келгач, янги ҳокимга ҳам бу ҳақда шикоят қилдим ва кўзбўямачиликнинг бошида турган Шаҳло Раҳмонованинг қилмишларини очиб ташладим. Бироқ мурожаатларимга ўз вақтида жавоб берилмагани учун 2021 йилнинг 5 апрель куни ҳоким қабулига қайта бордим ва хатимга жавоб талаб қилдим. Шунда ҳоким жаҳл устида „чақир участкавойни“, деди. Вазиятдан фойдаланган Шаҳло Раҳмонова эса, хатингизга мен жавоб бераман дея, мени ҳокимликнинг пастки қаватига олиб тушиб, МФЙ раиси ва участкавойга бериб юборди», — дейди мурожаатчи аёл.

Мурожаатчи Нодира Ўринованинг аниқлик киритишича, 2021 йил 5 апрель кунидаги воқеа, унинг Китоб туманидаги вилоят 2-сонли асаб-руҳий касалликлар шифохонасига қамалиши билан якунланган.

«Шаҳло Раҳмонова мени ҳокимлик биносининг пастки қаватига олиб тушиб, «Дўстлик» маҳалласининг янги раиси Фарруҳ Исканов ҳамда «участкавой» Зоҳид Амирқуловга рўпара қилди. Маҳалла раиси ва «участкавой» менинг қўлимни орқага қайириб, қўлларимни кўкартириб, «участкавой»нинг Матиз машинасида «жиннихона»га олиб бориб ташлади. Уларнинг адолатсизлиги сабаб мен бир кун «жиннихона»да мажбурий қамаб қўйилдим», — дейди Нодира Ўринова.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, видеомурожаат билан чиққан 1964 йилда туғилган Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Нодира Ўринованинг билдирган кўрсатмаси бўйича Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилмоқда. Ўринова Нодиранинг видеомурожаати юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигида ишчи гуруҳи тузилди.

«Шаҳрисабз шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган, шаҳар кенгаши депутати Шаҳло Раҳмонова шу йилнинг 29 апрелида эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган. Ўрганиш натижалари ҳақида албатта хабардор қиламиз», — дейилади хабарда.