Айни вақт президент раислигида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтмоқда. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, асосий эътибор биринчи ярим йилликдаги устувор вазифалар муҳокамасига қаратилган.

Президент пахтада «приписка» йўқ қилинган булса-да, саноат тармоқларида қўшиб ёзишни йўқ қилиш осон булмаётганлиги хакида гапирди.

«Ҳокимлар таниш-билиш қилиб, шерик бўлиб асл ҳолатни беркитишаяптими? Прогнозни бажара олмаса, нега раҳбар бўлиб ўтириши керак?» — дея танқид қилди давлат раҳбари.

2021 йил учун режа қилинган 5,1 фоиз иқтисодий ўсиш кўрсаткичи ҳудуд ва тармоқ салоҳиятига нисбатан анча паст эканлиги қайд этилди.

«Бу кўрсаткич камида 6 фоиз бўлиши учун Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари қўшимча захираларни топиб, амалда ишга солиши керак. Лекин, айрим тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари яратиб берилган имкониятлардан ҳам тўлиқ фойдалана олмаяптилар», — деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, биринчи чоракда «Ўзавтосаноат» да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга, «Ўзбекнефтгаз» — 4,7 фоизга, чарм маҳсулотлари — 10 фоизга пасайган.

«Сўнгги бир йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошган бир пайтда, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоизга камайишини, қандай изоҳлаш мумкин?» — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, 74 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,1 трлн сўмга камайгани қайд этиб ўтилди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида — 23 та (390 млрд сўм), Фарғонада — 4 та (367 млрд сўм), Қашқадарёда — 6 та (143 млрд сўм), Тошкент вилоятида — 12 та (87 млрд сўм), Бухорода — 5 та (22 млрд сўм), Самарқандда — 4 та (18 млрд сўм), Сурхондарёда — 9 та (17 млрд сўм), Наманганда — 3 та (13,5 млрд сўм).