23 апрель куни Тошкентнинг Яккасарой туманида ИИББ ходимлари уч йигитнинг радарга тош отаётганини кўриб қолишди. Улар Spark автомобилида тезлик тартибини автоматлаштирилган тарзда қайд этувчи мослама ўрнатилган устун олдига келиб тўхтаган ва унга тош отишни бошлаган.

Тез орада мазкур фуқаролар автомобиллари билан Яккасарой тумани ИИО ФМБга етказилдилар, дейилади ИИББ матбуот хизмати хабарида. Ҳуқуқбузарлар 22 ёшли Жаҳонгир М. (юқоридаги автомобиль ҳайдовчиси), 23 ёшли Шавкатжон М. ва 23 ёшли Ахрор Ш. эканлиги аниқланди.

Суҳбат давомида аниқланишича, ҳодисадан бир оз аввалроқ Жаҳонгир М. томонидан 17 апрель куни содир этилган қоидабузарлик сабабли автомобиль эгасига тезлик тартиби бузилгани учун 1,225 млн сўмлик жарима келгани маълум бўлди. «Қилмиши учун тегишли масъулиятни бўйнига олмаган фуқаро ўртоқлари билан бирга радардан „аламларини олишга“ қарор қилишган», — дейилади хабарда.

Мазкур факт асосида Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183 моддаси («Майда безорилик») бўйича баённома расмийлаштирилди. Жазо тўғрисидаги ҳукм суд томонидан чиқарилади.

Хабарда радарга бирор зарар етказилгани ҳақида маълум қилинмаган.