Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ҳокимларнинг контейнерларга кўчиб ўтиши ҳақида муносабат билдирди.

«Мен контейнерга кўчиб ўтмайман. Контейнерга кўчиш учун айб иш қилганим йўқ деб ўйлайман. Контейнерларга кўчиб ўтганларга эътибор қаратилса, балки бир тарафдан бу тўғридир. Ҳудудлар катта, шундай туманлар борки бир чеккасидан иккинчисига бориш учун 1 соат юришга тўғри келади. Шу билан бирга, балки ҳоким бирор маҳалла билан тўлиқ шуғулланмоқчи бўлса, уларнинг ўша ерда контейнерга жойлашиши ва яшашида маъно бордир», — деди у.

Ҳоким президент томонидан контейнерга ҳамма кўчиши кераклиги ҳақида айтилмаганини таъкидлади.

«Мен буни аниқ эслайман. Президент пастга тушишни айтган. Мисол учун, Чирчиқ бўйича юрганда ҳам белкурак олиб шу ерни тозалайсан дедилар», — деб айтди Элбек Шукуров.

«Лекин одамга ишлаши ва яшаши учун контейнер қулай бўлса, нега ундай қилмаслиги керак? Менда микроавтобус бор. Одатда биз тўртталамиз туманни мана шу микроавтобусда айланиб чиқамиз. Агар 1−2 кун давомида биз бирор жойда ушланиб қолсак, мана шу сайёр штабимизда барча шароитлар — телевизор, нарсаларни ёзиш, режалаштириш, чизмаларни чизиш учун стол бор. У ерга 12−14 та одам сиғади. Тошкент шинам, контейнерга кўчишга ҳожат йўқ. Мен кўчмайман», — дея қўшимча қилди туман ҳокими.

20 февраль куни Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқов президент ташриф буюрган «Бунёдкор» маҳалласида муаммолар ўз ечимини топгунига қадар яшашини маълум қилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев амалдорларга муаммоларни тушуниш ҳамда вазифа ва топшириқларни «тўғрироқ» белгилаб олиш учун ҳеч бўлмаганда бир ойга маҳаллаларга яшаш учун кўчиб ўтишни таклиф қилган эди.

«Наманган ҳокими маҳаллада яшаш учун кўчиб ўтгани кўпчиликка ёқмайди… Унинг олдига кунига 50 нафар аёл келмоқда. Бу уларнинг муаммолари йиллар давомида ўз ечимини топмаганидан далолат», — деган эди давлат раҳбари.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Олот туманида аҳоли билан мулоқот қилиш, муаммоларни ўрганиш учун ўз штабини вагонда ташкил этган эди.