20 февраль куни Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқов президент ташриф буюрган «Бунёдкор» маҳалласида муаммолар ўз ечимини топгунига қадар яшашини маълум қилган эди.

«Халқ сўзи» нашрига «вилоят ҳокимининг уйи» суратлари тақдим этилди.

Фото: «Халқ сўзи»

Хабарга кўра, ҳозирда контейнер ўрнатилиб, унинг атрофи девор билан ўралган. Дарвоза қилиниб уй ҳовлисида фуқароларни қабул қилиш, суҳбатлашиш, мурожаатларини тинглаш учун махсус айвон ҳам қурилмоқда.


Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz» га маълум қилишига кўра, ҳоким у ерда ҳолат яхшилангунча яшайди. Шу билан бирга, ушбу контейнер кейинчалик бузилмай, бошқа мақсадларда ишлатилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 19 февраль куни президент Наманган шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласига режалаштирилмаган тарзда ташриф буюрган эди. «Бу ердаги аҳвол маҳалла номига зид. Ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган. Маҳалла идорасининг ўзи ҳам ҳароб, бино орқасида чиқиндилар ётибди», — дея танқид қилган эди давлат раҳбари.

Шундаг сўнг, Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев ҳамда прокурори Баҳромжон Юлдашев ишдан бўшатилган.