Февраль ойида «Ўзбекнефтгаз» АЁҚШларида бензин нархлари ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Бунга айрим нефть маҳсулотлари ва якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкаларига 1 февралдан ўзгартириш ва қўшимча киритилиши сабаб бўлади.

1 февралдан нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари қуйидагича ўзгаради:

  • 1 тонна Аи-80 бензини: амалда — 200 000 сўм, 1 февралдан — 240 000 сўм (ўзгариш 40 000 сўм ёки 20%);
  • 1 тонна Аи-90 ва ундан юқори маркали бензини: амалда — 250 000 сўм, 1 февралдан — 275 000 сўм (ўзгариш 25 000 сўм ёки 10%);
  • 1 тонна дизель ёқилғиси: амалда — 200 000 сўм, 1 февралдан — 240 000 сўм (ўзгариш 40 000 сўм ёки 20%);
  • 1 тонна ЭКО дизель ёқилғиси: амалда — 180 000 сўм, 1 февралдан — 216 000 сўм (ўзгариш 36 000 сўм ёки 20%).

Якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкалари:

  • 1 тонна бензин: амалда — 378 480 сўм, 1 февралдан — 465 530 сўм (ўзгариш 87 050 сўм ёки 23%);
  • 1 тонна дизель ёқилғиси: амалда — 346 275 сўм, 1 февралдан — 425 918 сўм (ўзгариш 79 643 сўм ёки 23%).

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизматининг хабарига кўра, АЁҚШларда Аи-80 бензини ўртача 110 сўмгача (ҚҚС билан) қимматлашиши мумкин.

«Газета.uz»нинг энергетика соҳасидаги манбасининг хабар беришича, Аи-90 ва ундан юқори маркали бензин нархлари ўртача 60 сўмдан 90 сўмгача қимматлашиши кутилмоқда.