Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 2020 йилнинг 9 ойи давомида жами 1 млрд 384 млн сўмлик талон-торожлик, молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали томонидан тез тиббий ёрдам бригадаларига жалб қилинмаган ҳамда ишлаётган штат бирлигига нисбатан ортиқча 48 нафар ходимларга 124,5 млн сўм рағбатлантириш учун маблағлар ортиқча тўлаб юборилгани маълум қилинди.

Аниқланган талон-торожлик ва суистеъмолчиликлар миқдори жами 7 млрд сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлганига қарамай 5,643 млрд сўм қиммат нархларда давлат харидларни амалга оширган.

Давлат харидларини амалга оширишда 4,999 млрд сўмлик қийматдаги тендер ва 186,1 млн сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар давлат харидларига оид қонун талабларига зид равишда ташкил қилинган.

Ҳужжатлар агентлик томонидан Бош прокуратурага юборилган. Мазкур ҳужжатлар асосида Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.