Эндиликда янги манзилга кўчиб ўтишда доимий рўйхатга олиш учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига бориш шарт эмас.

Мазкур хизматдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳозирча фуқароларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш бўйича хизмат кўрсатилмоқда.

Хизматдан фойдаланиш учун my.gov.uz порталига ягона идентификация тизими (OneID) орқали кириш ва хизматлар рўйхатидан фуқаролик бўлимини танлаш лозим. Ундан сўнг, Яшаш жойига доимий рўйхатга туриш хизмат тури танланади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза беришда аризачи уй-жойнинг кадастр рақамини ва доимий рўйхатга қўйилаётган шаснинг ЖШ ШИРни билиши лозим.

Сўровнома шакли тўлдирилгач, тегишли равишда Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига юборилади. Фуқаро ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширилади.

Шундан сўнг, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан доимий рўйхатга олиниши ҳақида QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағини расмийлаштирилиб, ариза берувчига электрон тарзда юборилади.

Хизмат нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи (4 460 сўм) миқдорида бўлиб, Ягона портал орқали хизмат кўрсатилганда дастлабки нархдан 10 фоиз арзондир.

Хизмат ярим автоматик тарзда амалга оширилади ва муддати бир кун. Бундан ташқари, хизматдан фойдаланиш учун ЭРИ калит ҳам талаб этилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур хизматдан қуйидаги ҳолатларда фойдаланиш мумкин:

  • Қонун ҳужжатларига кўра олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга.
  • Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда.
  • Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда.

Электрон рақамли имзо олиш. Қўлланма