Электрон рақамли имзони эндиликда Давлат хизматлари агентлиги идорасига ташриф буюрмасдан онлайн тарзда олиш мумкин. «Газета.uz» электрон имзони онлайн олиш бўйича қўлланмани тақдим этади.

Ариза тўлдириш

E-imzo сайтининг қуйидаги бўлимида «Ариза шаклини тўлдиринг» тугмасини босганда, дастлабки маълумотларни киритиш ойнаси пайдо бўлади.

Бу ерда фойдаланувчи ўзининг СТИР рақами, телефон рақами ва расмда келтирилган ҳимоя кодини киритиши керак. Телефон рақам фойдаланувчи номига (паспортига) расмийлаштирилган бўлиши шарт.

СТИР рақамни аниқлаш

СТИР рақамни фойдаланувчи Электрон солиқ хизматлари сайтининг ушбу бўлимида аниқлаши мумкин.

Киритилиши керак бўлган маълумот: ҳужжат тури, серияси, рақами, туғилган сана ва расмдаги ҳимоя коди (матн). Маълумотлар тўлдирилиб бўлгач, «Излаш» тугмаси босилади.

Рўйхатдан ўтиш жараёнига қайтиб, СТИР ва телефон рақам киритилгач, кейинги саҳифага «Кейинги қадам» тугмаси орқали ўтилади. Иккинчи саҳифада маълумотларни киритишдан олдин E-IMZO модули ўрнатилиши сўралади.

E-IMZO модулини ўрнатиш

Электрон рақамли имзо (ЭРИ) ишлаши учун компьютерда ЭРИ модули ўрнатилган бўлиши керак.

«E-IMZO дастурини юклаб олиш» тугмаси босилганда, янги саҳифа очилади ва у ерда фойдаланувчи ўзига керакли модульни танлайди: браузер ёки илова.

E-IMZO модулини юклаб олиш намунаси.

Модуль ўрнатиб бўлингандан сўнг қуйидаги ойна пайдо бўлади ва бу ерда фойдаланувчи «Да» тугмасини босиши керак.

Паспорт сурати

Модуль ўрнатилиб ишга тушгандан сўнг, фойдаланувчи паспорт расмини (маълумот ва фото жойлашган саҳифа) ҳамда паспортини қўлида ушлаб тушган расмини юбориши керак. Паспорт билан селфи-суратда маълумотлар аниқ ўқиладиган ва тиниқ бўлиши керак.

Шунингдек, паспорт билан селфи-сурат ойна эффекти услубида горизонтал шаклда бурилиб қолган бўлиши мумкин: матн ўнгдан чапга ўқиб бўлмайдиган бўлиб қолади. Бу муаммо айрим смартфон ва камераларда учраб туради ва бунақа сурат қабул қилинмайди.

Паспорт расми Pdf, Png, Jpg, Jpeg, форматида бўлиши ва максимал ҳажми 5 мегабайтдан ошмаслиги керак. «Выберите файл» тугмаси босилиб, керакли расм танланади.

Паспорт билан селфи сурат ҳам аввалги қоидаларга амал қилади ва юклаш усулида ҳам фарқ йўқ.

Сўнгра Pfx калит файли яратилиб сақланадиган диск «Дискни танланг» менюсида белгиланади ва калит номи автоматик тарзда ўрнатилади.

Якуний босқичда пароль ўрнатилади ва такроран «Паролни такрорлаш» майдонида терилиб, «*.pfx файлни яратиш ва давом этиш» тугмаси босилади.

Маълумотларни тасдиқлаш

Фойдаланувчи аризадаги маълумотлар тўғрилигини текшириб, «Сўров юбориш» тугмасини босади. Кейин E-IMZO модули ойнаси пайдо бўлиб, пароль киритишни сўрайди. Махфий пароль киритилгач, «ОК» тугмаси босилади.

Агар пароль тўғри киритилса, ариза қабул қилинади ва фойдаланувчи куйидаги мазмунда хабар олади:

Шу билан бирга, рўйхатдан ўтиш пайтида киритилган телефон рақамга қўйидаги мазмунда СМС-хабар келади:

Тўлов

Мурожаат юборилгандан сўнг Давлат хизматлари маркази ходими 8 иш соати ичида уни кўриб чиқади. Ариза юборилгандан сўнг саккиз соат ичида тўлов қилиниши керак, акс ҳолда у бекор қилинади.

Тўлов Click, Payme ёки Paynet орқали амалга оширилиши мумкин. Жисмоний шахслар учун тўлов энг кам иш ҳаққининг 7% — 15 610 сўмни ташкил қилади, юридик шахслар учун — 22 300 сўм (энг кам иш ҳаққининг 10%).

Аризани қидириш, ҳолатини текшириш ва тасдиқлаш

Ариза юборилиб, тўлов қилингандан сўнг унинг ҳолатини e-imzo.uz сайти орқали «Ариза топиш/тасдиқлаш» бўлимида текшириш мумкин.

Ариза рақамини киритинг ва расмдаги кодни тасдиқлаб, «Қидириш» тугмасини босинг.

Агар ариза кўриб чиқилиб, қабул қилинган бўлса сертификат пайдо бўлади. Фойдаланувчи маълумотлар тўғрилигини текшириб, «Тасдиқлаш» тугмасини босиши керак.

Агарда ариза топилмаса, унинг рақами тўғри киритилганини текширинг. Шунингдек, ариза тўлдириш жараёнида хатоликларга йўл қўйилган бўлса, ариза кўриб чиқилмайди ва рўйхатдан ўтиш вақтида кўрсатилган телефон рақамга ариза қабул қилинмаганлиги ҳақида СМС-хабар келади.

ЭРИ тайёр ва сертификатни юклаб олиш мумкин. Унинг амал қилиш муддати — икки йил.