Ички ишлар вазирлиги «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook’да Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшаган фуқаронинг жазони ижро этиш муассасасида қийноқлардан вафот этганини ҳақидаги хабари ва унга илова қилинган видеоёзув (пост ҳозирда ўчирилган) юзасидан ахборот берди.

ИИВ хабарида қайд этилишича, маҳкум Ф. Хидиров (1975 й. т., муқаддам 4 маротаба судланган) қамалгунга қадар Янгийўл тумани «Баҳор» МФЙда истиқомат қилган.

2010 йил 18 октябрда Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-модда 5-қисми, 164-модда 2-қисми «а» банди билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Жорий йилнинг 5 июндан буён бир қатор ички касалликлари туфайли маҳкумлар учун ихтисослаштирилган 23-сонли касалхонада даволаниб келган.

Даволанишига қарамасдан, 18 июнь куни соат 05:45 ларда касалхонанинг терапия бўлинмасида «Ўпка сили IV клиник босқичи (лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10 фоиздан ортиқ камайиши, диарея» ташхисига кўра вафот этган.

Мурда прокуратура органлари томонидан текширилган, тан жароҳатлари аниқланмаган, ҳолат юзасидан тегишли экспертиза тайинланган.

Видеотасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқ, дея таъкидланди ИИВ хабарда.

Маҳкум Ф. Хидиров касаллик ташхиси бўйича Ўзбекистон ИИВ ва ССВнинг ҳамкорликдаги 2008 йил 13 августдаги 1854-сонли қарорида кўрсатилган касалликлар рўйхатига тўғри келганлиги сабабли озодликка чиқариш бўйича суд муддатини кутаётган бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади, дейилади хабарда.