3 январь куни Карре Амстердам театридаги чиқиши пайтида ўн метр баландликдан қулаб тушган ўзбекистонлик ҳаво гимнастикачиси Кристина Воробёва соғаймоқда. Бу ҳақда унинг физиотерапевтига асосланиб Голландиянинг «Харт ван Недерланд» нашри хабар берди.

«Унинг реабилитацияси жуда интенсив ўтди. Шифохонамизга келганида, у ҳеч нарса қила олмас эди. У фақат оёқларини қимирлата оларди. У апрель ойи охирида қўлтиқтаёқ ёрдамида юра олишини кутяпмиз. Охир-оқибат бемор ёрдамсиз юра олиши мумкин бўлади, аммо тўлиқ тикланиши учун яна икки йил керак», — дея маълум қилди Воробёванинг аҳволи ҳақида унинг физиотерапевти Мирейл Понт.

Нашрнинг ҳаво гимнастикачиси яна чиқиш қила оладими-йўқми, деган саволига, Мирейл Понт вазиятни яширишни истамади. «У дунё миқёсидаги ҳаво гимнастикачиси эди. Ўша даражага қайтиши мен учун имконсиз кўринади, аммо ким билади, у бизни ҳайратга солиши мумкин», — деди Мирейл Понт.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонлик ҳаво гимнастикачилари Кристина Воробёва ва Рустэм Османов 3 январь куни Карре Амстердам театридаги ўзининг Sky Angels дуэт чиқиши пайтида ўн метр баландликдан қулаб тушган эди. Воробьёва орқа томони билан йиқилиб, жиддий жароҳат олган. Унинг жуфти Рустэм Османов эса енгилроқ жароҳатлар билан қутилган.