Январь ойидан бошлаб 10 февраль кунигача Хитойда бўлиб қайтган 3447 нафар Ўзбекистон фуқароси тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига таяниб, ЎзА хабар берди.

Улардан 2676 нафарида касалликнинг яширин даври (14 кун) якунлангани ва тиббий кўрик давомида ҳеч қандай коронавирус инфекцияси белгилари аниқланмаганлиги боис тиббий кузатув ишлари якунланди. Бугунги кунда 771 нафар фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинди.

Агентлик вирусология лабораториясида шу кунгача 812 та намуналар коронавирус инфекциясига текширилиб, уларда коронавирус инфекцияси топилмади.

Агентликнинг коронавирусга қарши марказий штаби таъкидлашича, 10 февраль ҳолатига Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмади.

Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Хитойда жами 40235 нафар, дунё бўйича 40553 нафар фуқаролар янги коронавирус инфекцияси билан касалланган бўлиб, кунлик ўсиш 8 фоизни (2987 нафар) ташкил этган. 909 нафар фуқаро ушбу касалликдан вафот этган. Касаллик Хитойдан ташқари 25та давлатда 318 нафар фуқароларда қайд этилди.