«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Пекиндан Тошкент аэропортига учинчи чартер рейси 4:40 да етиб келди. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар қилди.

Авиакомпания коронавирув тарқалгани туфайли одамларни Хитойдан кўчириш жараёни якунига етганини маълум қилди. Ҳар икки томонда ҳам биологик хавфсизлик чораларига риоя қилиш вирусология мутахассислари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда назорат қилинди.

Самолёт бортида 251 нафар йўловчи, экипаж аъзолари ва замонавий ҳимоя воситалари бўлган тиббиёт вакиллари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Пекиндан 250 ва Ухандан 84 киши эвакуация қилинган бўлиб, уларнинг 5 нафари Қозоғистон фуқароларидир.

Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан Хитойдан қайтиб келаётган барча йўловчилар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштириладилар, у ерда бутун карантин даврида малакали тиббиёт ходимлар кузатуви остида бўладилар ҳамда барча зарурий дори-дармон, тиббиёт воситалари ва тегишли озиқ-овқат билан бепул таъминланадилар.

Ухан ва Хитойнинг бошқа минтақаларидан олиб келинаётган Ўзбекистон фуқаролари бутун инкубацион даврда карантинда ушлаб турилади. 14 кун давомида уларнинг оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашишига рухсат берилмайди.