«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси самолёти Пекиндан йўловчилар билан бугун маҳаллий вақт 17:05 да Тошкент аэропортига етиб келади, дея хабар қилди авиаташувчи матбуот хизмати.

Самолёт бортида 250 нафар йўловчи, экипаж аъзолари, шунингдек, замонавий ҳимоя воситалари билан таъминланган тиббиёт ходимлари ва вирусолог мутахассислар бор, дейилади хабарда.

Аввалроқ хабар қилинганидек, йўловчилар келиши билан вақтинчалик жойлаштириш марказига юборилади.

Йўловчиларнинг вақтинча турар жой марказида бўлишига оид савол учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология фаровонлиги агентлигининг бош офисига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилиш мумкин: +998 (71) 276−49−66

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан Хитойдан қайтиб келаётган барча йўловчилар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштириладилар, у ерда бутун карантин даврида малакали тиббиёт ходимлар кузатуви остида бўладилар ҳамда барча зарурий дори-дармон, тиббиёт воситалари ва тегишли озиқ-овқат билан бепул таъминланадилар.

Ухан ва Хитойнинг бошқа минтақаларидан олиб келинаётган Ўзбекистон фуқаролари бутун инкубацион даврда карантинда ушлаб турилади. 14 кун давомида уларнинг оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашишига рухсат берилмайди.

4 феврал куни махсус чартер рейс карантин ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун Ухан шаҳрига учиб кетиши режалаштирилмоқда.